Бухоро вилоятида аҳолининг газ таъминотини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан 262 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари табиий ва 165 мингдан ортиқ истеъмолчилар суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Табиий газ истеъмолчиларга 7609 километр газ қувурлари, 6733 та газ маромлаш пунктлари орқали етказиб берилаётир.
Газ таъминоти филиали ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилда мавсумга тайёргарлик ишлари самарали ташкил этилмоқда. Хусусан, газ тақсимлаш пунктларида капитал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди. 5764 дона газ маромлаш қурилмалари тафтиш қилинган. Жойлардаги 380 километрдан ортиқ газ қувурлари тўлиқ бўялган. Қоровулбозор, Олот, Когон, Вобкент ва бошқа бир қатор ҳудудларда газ қувурлари реконструкция қилиниб, ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилди. “Янги Ўзбекистон” массивлари доирасида газ қувурлари тортилди. Натижада эса аҳолининг табиий газ таъминотининг яхшиланишига эришилди. Таъкидлаш лозим, газ маромлаш қурилмалари ва қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. 2022 йилда 66 тасида эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари амалга оширилди. 50 та газ маромлаш қурилмаларида ҳимоя тўсиғи ўрнатилди. Амалий жараёнлар Олот, Пешку, Когон, Қоровулбозор ҳудудларида тўлиқ якунига етказилди.
[gallery-8552]
Юртимизда деярли барча соҳада инновацион янгиланишлар кузатилмоқда. Шубҳасиз, бу янгиланиш газ тизимида ҳам бўй кўрсатди. Табиий газ истеъмолчилари учун янги тизим яратилди. Вилоятда табиий газ истеъмолчиларига замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 255 мингдан ортиқ истеъмолчига ҳисоблагичлар ўрнатилди. Газ таъминоти филиали томонидан нафақат табиий, балки табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудуд истеъмолчиларига суюлтирилган газ баллонлари жамият тасарруфидаги 9 та МАН русумли автотранспорт воситалари орқали олиб келинади.
Маиший газ балонларини газ тўлдириш шохобчаларидан аҳоли хонадонларига етказиб бериш учун шаҳар ва туман газ филиаллари ҳисобидаги 42 дона ИСУЗУ ва 1 дона КАМАЗ русумли махсус автотранспорт воситалари хизмат кўрсатиб келмоқда. 10 та туманда истиқомат қилувчи истеъмолчиларга вилоятда 6 та газ тўлдириш шохобчаси ва станциялари орқали суюлтирилган газ тўлдирилиб, белгиланган жадвал асосида етказилмоқда. Жорий йилда 16 минг 627 тонна суюлтирилган газ тарқатилди. Бугун маиший газ баллони истеъмолчиларига яна бир қулайлик яратилди. Яъни улар ҳисоб-китобни махсус ID карталар орқали амалга ошириб келмоқда. Бундан мақсад суюлтирилган газни етказиб бериш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш, суюлтирилган газ учун тўловни соддалаштириш, истеъмолчи томонидан нақд пул қабул қилинишини истисно қилишдан иборат. Айни дамга қадар 187 463 та газ баллонларига махсус стикерлар ўрнатилди. 165 376 нафар истеъмолчи махсус карталар билан таъминланди.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди. Тадбирда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳамда сервис хизмат кўрсатиш, соҳада турли мавжуд камчиликларнинг олдини олиш, қонун бузилишларига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган самарали ишлар, икки босқичли тизимга ўтиш, қарздорликнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган жараёнлар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди. Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоб берилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА