Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудда тадбиркорлик муҳити яхшиланмоқда
12:02 / 2025-10-29

Бухоро вилояти Олот туманида тадбиркорликни ривожлантириш, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бу эса нафақат иқтисодий ўсишга, балки янги иш ўринларининг яратилишига, маҳсулот таннархининг барқарорлашишига ҳам хизмат қилмоқда.

Хусусан, тумандаги Хосабўйи маҳалласида яшовчи тадбиркор Ёқуб Жумаев томонидан 5 минг бош бройлер жўжа парваришланадиган паррандачилик хўжалиги фаолияти ташкил этилди. Тадбиркорнинг маълум қилишича, жўжалар 10 октябрь куни келтирилган бўлиб, ҳозир уларнинг ўртача вазни 1 килограммга яқинлашган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 40-50 кун ичида ҳар бир бройлернинг вазни 3-4 килограммгача етади ва маҳсулот 26 минг сўмдан реализация қилинади.

Бу тажриба паррандачилик йўналишининг иқтисодий самарадорлигини яққол кўрсатмоқда. Тадбиркор ўзининг олдига улкан мақсадларни қўйган бўлиб, паррандачилик соҳасини маҳаллаларда ҳам оммалаштириш, паррандалар учун қулай шароит яратиш, бош сонини кўпайтириш ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабни маҳаллий даражада қондириш шулар жумласидандир. 

Арабхона маҳалласидаги “Эргаш Истам” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган шолини қайта ишлаш заводи туманнинг иқтисодий салоҳиятини кўтаришда ўз ҳиссасини қўшмоқда. 

–Лойиҳа қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этади, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Икром Ражабов. –Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати дастлаб кунига 60 тонна, ойига эса 180 тоннадан ортиқ маҳсулотни қайта ишлаш имкониятига эга. Биз нафақат шолини етиштириш, балки уни тайёр маҳсулот ҳолатига келтиришни ҳам йўлга қўйдик. Ҳозир вилоятдаги ягона йирик қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. Қўшни туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлар ҳам бу ерда маҳсулотларини қайта ишлашга қизиқиш билдирмоқда. 

Лойиҳа доирасида янги иш ўринлари яратилмоқда. Шунингдек, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланилмоқда. 

Бу каби ташаббуслар туманда ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий тараққиётга эришиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА