Бобур шаҳрида “Биз, тозалик тарафдоримиз!” шиори остида плогинг акцияси ўтказилди.
Ҳудудни покизалиги, тозалигини сақлаш, ёшларнинг экологик маданиятини янада юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон Болалар ташкилоти вилоят бўлими томонидан ташкил этилган акцияда “Ёш экологлар” ҳаракати аъзолари, кўнгилли талабалар, сардорлар, фаол ўқувчилар иштирок этди.

Акцияда қатнашган юзлаб ёшлар томонидан шаҳар ҳудуди пластмасса, полиэтилен ва бошқа турли чиқиндилардан тозаланди.

– Биз акцияда иштирок этиб, шаҳримизни озода бўлишига ўз ҳиссамизни қўшдик, – дейди тадбир иштирокчиси Мухлиса Каримова. – Энг асосийси, тенгдошларим бу ишга бефарқ эмаслигидан жуда хурсандман. Биз бирлашсак, бу каби кўплаб хайрли ишларни қила оламиз.

Акция доирасидаги ишлар ташкилотчилар томонидан мувофиқлаштирилиб, иштирокчилар қўлқоп, чиқинди солиш учун махсус қоплар билан таъминланди. Чиқиндиларни ташиш учун эса техника воситалари жалб этилди.

Ушбу акция ёшларнинг фаоллигини, жамоавий ишлаш ва табиатни асраб-авайлашга бўлган масъулиятини оширишга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари