English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Huawei” компанияси билан "яшил" энергетикани ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланади
10:21 / 2023-03-28

Энергетика вазирлигида “Huawei” компанияси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Жорий йилнинг февраль ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Huawei Digital Power” компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти жаноб Яо Сзин ўртасида "яшил" энергетикани ривожлантириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган эди.  

Шундан келиб чиқиб, учрашувда томонлар уй хўжаликлари, давлат идоралари ва ижтимоий соҳа объектларидан тортиб, йирик қуёш фотоэлектр станцияларигача бўлган ҳажмлардаги қуёш тизимлари учун рақамли технологияларни жорий этиш орқали Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика соҳасини янада ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтди. 

Ўзбекистонда қуёш қурилмалари учун инверторлар ва электромобиллар учун зарядловчи қурилмалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. 

Шунингдек, қуёш энергияси бўйича ечимларни амалиётга татбиқ этишда муваффақият қозонган бошқа мамлакатларнинг қайта тикланувчи энергия масалалари бўйича вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва бу борада кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.  

Жаноб Яо Сзин Ўзбекистоннинг "Яшил ривожланиш стратегияси" доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади ва бу борадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.  

– Мамлакат раҳбарияти жамиятни тоза ва арзон энергия билан таъминлаш ва келажакда углерод нейтраллигига эришиш учун қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали энергетика тизимининг салоҳиятини жадаллик билан ривожлантириш режаларини белгилаб берди. Ўзбекистон аллақачон бу борадаги режаларни амалга оширишга улгурди. «Яшил стратегия» доирасида қуёш фотоэлектр станцияларини ишга тушириш бўйича қатор йирик лойиҳалар иккинчи йилдирки яхши натижаларни кўрсатмоқда, – деди Яо Сзин.  

Музокаралар чоғида энергетика вазири Хитойдаги «Huawei» компаниясининг кўргазма зали ва инверторлар ҳамда аккумуляторлар ишлаб чиқариш қувватлари билан батафсил танишганини алоҳида таъкидлади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА