Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ХТВ делегацияси Москвада россиялик ҳамкасблари билан қатор келишувларга эришди
12:31 / 2021-04-16

Халқ таълими тизимида қатор янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, халқаро ҳамкорлик асосида янгиликларни жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.

Бу борада Россия Федерацияси Маориф вазирлиги билан ҳам ҳамкорликда амалий ишлар қилинмоқда.

Айни кунларда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев бошчилигидаги делегация, Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Раджиев, шу институтнинг ҳудудий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари Анвар Бахрамов, Инновация, технология ва стратегия маркази директори Сарвар Саъдуллаев Россия Федерациясида бўлиб турибди.  

Делегациянинг хизмат сафарида Россия Федерацияси Маориф вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Глушко ҳамда "Санъат, фан ва спорт" хайрия жамғармасининг коммуникациялар бўйича директори Николай Троцкий билан турли масалаларда музокаралар олиб борилди.

Музокаралар давомида аввало, икки давлат таълим вазирлигининг келишувига кўра Герцен номидаги РДПУ ва Абдулла Авлоний илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида олиб борилаётган “Зўр!” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва жорий йилги режалар келишиб олинди.

Дмитрий Глушко 2020 йилнинг ноябрь ойида бошланган «Зўр!» лойиҳаси қисқа вақт ичида ижобий натижаларни кўрсатаётганини таъкидлаб ўтди.

Айни вақтда лойиҳа доирасида Ўзбекистонда 98 нафар россиялик ўқитувчи, ўзбек тилида фаолият олиб борадиган мактабларда ишламоқда. Шунингдек, мамлакатимиздаги 2,5 мингдан зиёд рус тили фани ўқитувчиси Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетида малака ошириш курсларида ўқиб чиқди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Россия таълим соҳаси мутасаддилари томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойида Россиянинг юз нафар рус тили ва бошқа фан ўқитувчиларини мактаб ва малака ошириш марказларига юборишга келишилди.  

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев Россия таълим академияси томонидан амалга оширилаётган замонавий болаликнинг оммавий ва давомий тадқиқотларига қизиқиш билдирди. У таълим йўналишларини ривожлантириш асоси сифатида болаларнинг индивидуал психологик хусусиятларини ўрганиш муҳимлигини таъкидлаб, Россия таълим академияси ва Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ишонч билдирди.

Янги ўқув йилига қадар эса икки мамлакат мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 2-синф ўқувчилари учун янги "Рус тили" дарслиги яратилиши белгиланди.

Б.Мелиқулова, ЎзА