Оқ уй тарқатган баёнотга кўра, Оқ уй раҳбари Жо Байден ва Украина Президенти Владимир Зеленский имзолаган Хавфсизлик кафолати бўйича шартнома Украинанинг НАТОга аъзо бўлишида “кўприк” вазифасини ўташи керак. “Reuters” агентлиги ҳужжат матнига таяниб шундай ёзган.
Шу тариқа АҚШ Украина билан айни йўналишда келишувга эришган 16-давлатга айланди. “Washington Post” газетаси тегишли манбага таяниб, мазкур ҳужжат келажакда Украинага ҳужум уюштирилган тақдирда Вашингтон 24 соат ичида Киев билан олий даражада маслаҳатлашув ўтказишини назарда тутади, дея маълум қилди.
Аввалроқ Президент Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливан АҚШ ва Украина ўртасидаги бўлажак хавфсизлик келишувида аниқ миқдор айтилмаса-да, Президент маъмуриятининг Киев эҳтиёжи учун янги маблағ топиш бўйича Конгресс билан ишлаш мажбурияти белгиланганини билдирган.
Энди Қўшма Штатлар 10 йил давомида Украина ҳарбийларини тайёрлашни давом эттиради, қурол-яроқ, техника ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга ҳисса қўшади, разведка маълумоти алмашинуви кўламини кенгайтиради.
CNN маълумотида келишув “ижро этувчи” мақомига эга бўлиши айтилган. Яъни, ҳужжат Конгресс томонидан тасдиқланиши талаб қилинмайди. Демак, юридик жиҳатдан бироз кучсиз, кейинги Президент томонидан бекор қилиниши ҳам мумкин.