Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Божхона қўмитаси раҳбарияти иштирокида тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар, соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш ҳолатига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, жорий йилда божхона органлари томонидан давлат бюджетига божхона тўловларини ундириш 2022 йилга нисбатан 27 фоиз ўсган. Ҳозирда “Хавфни бошқариш” тизими орқали экспортда 88 фоиз, импортда 78 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. 2023 йилда сифатли назорат тизимини ўрнатиш ва иш самарадорлигини оширишга қаратилган 12 та ахборот тизими, 4 та интерактив хизмат, 5 та мобиль илова, 18 та ахборот алмашинуви йўлга қўйилди, божхона постлари 2 минг 475 та замонавий назорат-техника ва коммуникация воситалари билан жиҳозланди.
Хавф даражаси паст бўлган 145 мингдан ортиқ экспорт божхона декларацияларини ахборот тизимлари ёрдамида инсон омилисиз ўртача 3-5 дақиқада расмийлаштиришга эришилди. Натижада ҳозирда экспортда 86 фоиз декларациялар автоматик расмийлаштирилмоқда.
Яқинда фойдаланишга топширилган Божхона расмийлаштируви маркази орқали декларациялаш 100 фоиз масофавий тарзга ўтказилди. Бунда товарларнинг логистика занжиридаги ҳаракати тўлиқ назоратга олиниб, расмийлаштирув вақти 2 баробарга қисқарди. Ушбу мажмуада Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси фаолият юритмоқда.
Жумладан, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш постида 116 нафар божхона ходими томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти чекланган ҳолда товарлар масофавий расмийлаштирилмоқда. Ушбу божхона постида республика бўйича расмийлаштирилаётган жами декларацияларнинг 50 фоизи (кунига 3 мингта) қамраб олинган. Натижада товарлар расмийлаштирувида ягона ёндашувга эришиш орқали тадбиркорлар харажатини янада қисқартиришга эришилмоқда.
Божхона қўмитасининг энг сўнгги замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган “Call-маркази” эса божхона органларида мурожаатлар билан ишлаш сифатини тубдан яхшилаб, бир кунда 600 дан ортиқ мурожаатни куну-тун қабул қилиш ва муаммоли ҳолатларни тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда. Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармасидаги ахборот тизимларининг Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг божхона хизматлари билан туну-кун ўзаро тезкор маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 11 ойида расмийлаштирилган жами 1 миллионга яқин декларацияларнинг барчаси Хавфларни бошқариш тизими орқали қайта ишланиб, хавф аниқланган 60 мингга яқин декларациялар бўйича бюджетга 80 миллион доллардан ортиқ эквивалентидаги қўшимча тўловлар ундирилган. Жорий йилги Давлат дастури ижроси доирасида Божхона қўмитаси томонидан экспорт жараёнларини соддалаштиришга қаратилган «Экспорт уч қадамда» тизими жорий қилинди. Шу вақтга қадар маҳсулотларни экспорт қилишда товарлар республикамиздан чиқиб кетгунга қадар 9 та босқичда амалга оширилар эди. Энди эса ушбу босқичлар 3 баробарга қисқармоқда. Яъни, экспорт уч қадамда амалга оширилади.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши натижасида республика бўйича тадбиркорларнинг 74-75 миллиард сўм маблағи тежалади, экспорт учун сарфланаётган вақт қисқаради, сохта экспорт операцияларининг олди олинади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига жами 684 миллион долларга тенг товарлар жойлаштирилиб, 695 миллион долларлик товарлар экспорт қилинди. Ушбу режимдан фойдаланган тадбиркорлар сони 60 фоизга, қайта ишланган товарлар экспорти 2,2 баробарга ошди.
2023 йилда контрабанда ва божхона қонунбузилишлари йўналишида 21 мингга яқин қонунбузилиш ҳолатлари бўйича салкам 1 триллион сўмдан зиёд товарларнинг ноқонуний ҳаракати олди олинди.
Бундан ташқари, 9,5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари, 700 минг донадан ортиқ психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар, 20 донадан ортиқ тақиқланган мазмундаги материаллар, 100 миллиард сўмга яқин тамаки маҳсулотлари, 25 миллиард сўм эквивалентидаги валюта қимматликларининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Сўнгги йилларда 53 та чегара божхона пости шароитларини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 4 та асосий чегара божхона постлари реконструкция қилинди. Қозоғистон билан чегарадаги асосий транспорт артерияларида жойлашган 3 та чегара назорат-ўтказиш пунктини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Юқори трафик оқимига эга бўлган чегара ўтказиш пунктларининг сиғимини янада ошириш учун давлат-хусусий шериклик асосида Қозоғистон ва Қирғизистон давлат чегараларида йирик назорат пунктларига яқин жойларда замонавий терминаллар қуриб фойдаланишга топширилмоқда.
Мазкур терминаллар омборхона, логистика ва бошқа турдаги хизматларни тақдим этади. Божхона расмийлаштируви тартиботларини терминалларга кўчириш орқали чегара пунктларининг ўтказувчанлик қобилияти 2 баробарга ошди. Чегара божхона постларига 4 та сўнгги русумдаги Rapiscan “Z-Portal” инспекцион кўрик мажмуалари ўрнатилди. Олдинги қурилмалар соатига 20 тадан ортиқ бўлмаган автомобилларни текшириш имконини берар эди. Эндиликда самарадорлик соатига 200 тагача ошди.
Ахборот тизимларини тарозилар, катта ўлчамдаги сканерлар ҳамда транспорт воситаларининг давлат рақамларини автоматик аниқлаш тизимлари ва бошқа қурилмалар билан интеграция қилиниши орқали божхона ходимларининг иш жараёнлари янада оптималлаштирилди. Чегарадаги барча идораларнинг ягона ахборот тизимида ишлаши учун имконият яратилди. Ушбу тизим маълумотларни босқичма-босқич қулай тарзда киритиш тамойилига асосланган бўлиб, бу ҳайдовчига божхона декларациясини мобиль илова орқали тўлдириш имконини беради. Чегарада тўловларни ягона ҳисоб-фактура асосида тўлаш (ҳар бир назорат органига алоҳида тўланадиган тўловлар бундан мустасно) тартиби жорий этилди.
Божхона кўриги ва кўздан кечируви жараёнларига замонавий планшетлардан фойдаланиш амалиёти жорий этилди. Божхона қўмитаси дастурчилари томонидан амалдаги дастурий таъминотлар ишлаб чиқилиши натижасида 2,7 миллион доллар маблағ иқтисод қилинди.
Олиб борилган ишлар натижасида божхона расмийлаштируви вақти 4,5 баробарга қисқарди, божхона тешкирувлари сони 3 баробарга камайди. Товарларни сақлаш ва жараёнларни кутиш билан боғлиқ бўлган харажатлар 10 миллион долларга қисқарди, божхона тўловлари тушуми 3 баробарга ортиб, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш ҳажми 4 баробарга ошди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА