Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳожимурот ота Бектошев: “Бундай эътибор ва эҳтиромдан бошим кўкка етди”
18:21 / 2022-05-06

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамроҳлигида Олот тумани “Ёш ботир” маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳожимурот ота Бектошев хонадонида бўлди.

Бу йил 96 баҳорни қарши олган Ҳожимурот ота урушда ўқчи полкда хизмат қилган. Польша ва Латвияни озод этишда қатнашган. Ҳарбий хизматдан сўнг Олот туманидаги 1-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. 7 нафар фарзанднинг отаси, 40 невара, 30 чеваранинг севимли бобоси бугунги кунда яқинларининг ардоғида, ҳар бир ўтган кунига шукроналар келтириб, фаровон яшаяпти.

[gallery-6972]

Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида отахоннинг қалби қувончга тўлди. Шинамгина ҳовлиси маҳалладошлари, фарзандлари ва неваралари билан гавжум бўлди. Вилоят ҳокими Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. 15 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни топширди. Шунингдек, отахон вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам моддий рағбатлантирилди. Байрамона руҳда кечган тадбирда она-юрт, тинчлик, мустақилликни улуғловчи шеър, куй-қўшиқлар янгради.

Жанубий-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари Бухоро гарнизони ҳарбий хизматчиларининг тарғибот жамоаси ҳам бу хонадонда бўлиб, иззат-икром кўрсатди. Отахон элу юртнинг ҳурмат-эҳтиромидан миннатдор эканини айтди. Дуога қўл очди. Ватанимизга тинчлик-омонлик, фаровонлик тилади.

– Аллоҳга беҳисоб шукр, – дейди отахон. – Пешонамизда мана шундай ёруғ кунларни кўриш ҳам ёзилган экан. Бугун бениҳоя бахтлиман. Доимо юртимизнинг тинчлигини ўйлаётган, фарзандларимизнинг бахтли, саодатли ҳаёт кечириши йўлида фидойилик кўрсатаётган Президентимизга минг раҳмат. Уруш қатнашчиларига берилаётган бундай эътибор ва эҳтиромдан бошим кўкка етди. Юртимиз тинч, фаровон бўлсин.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА