Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги ўнга яқин миллат вакиллари истиқомат қиладиган “Жайҳун” шаҳарча фуқаролар йиғинида “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан “Дўстлик байрами” фестивали бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони миллий маданий марказлар фаолиятини давр руҳига монанд ташкил этиш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида янги истиқболларни очиб берди.

Бугунги кунда турли миллат вакиллари бир оила бўлиб яшаб келаётган Оролбўйида 5 та миллий маданий марказ фаолият олиб бормоқда. Уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш мақсадида ўтган йили Нукус шаҳрида “Дўстлик уйи” ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг байрам муносабати билан йўллаган табригида қайд этилганидек, бизнинг барча ютуқларимиз – у хоҳ ташқи ёки ички сиёсатда бўладими, хоҳ иқтисодий ёки маданий-гуманитар соҳаларда бўладими – қўлга киритаётган муваффақиятларимиз замирида жамиятимиздаги осойишталик ва тотувлик ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбирда ёшлар ўртасида беш ташаббус асосида спорт мусобақалари, қўл меҳнати кўргазмалари, адабий кечалар ва турли кўрик-танловлар ўтказилди. Ҳудудга бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг таклифи билан фуқаро З.Абдуллаевага ажратилган кредит эвазига қуриб битказилган “IRODA BRAND SHOP” масъулияти чекланган жамияти савдо маркази очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фестиваль якунида намойиш этилган турли миллат вакилларининг ижросидаги концерт дастури тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА