Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Хўжайли туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес раиси "Саришунгил" овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги Товча ҳудудига борди. Таъкидлаш жоизки, илгари 149 та хонадон термитдан зарар кўриб, яшаб келаётган эди. Ушбу муаммонинг ечими топилиб, деярли барча хонадонлар хавфсиз жойга кўчирилди.
Шундан сўнг, “Боғмон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Балиқ ЮК” масъулияти чекланган жамияти томонидан йўлга қўйилган балиқ етиштириш лойиҳаси ҳамда "Қумбиз" маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Қирқ қиз" масъулияти чекланган жамияти томонидан йўлга қўйилган тикувчилик корхонаси ишлари кўздан кечирилди. Тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириши учун амалий ёрдам кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

"Парвоз" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида йўлга қўйилган "Кингсман" хусусий мактаби фаолияти ҳам ўрганилди. Умумтаълим муассасалари билан бирга нодавлат мактаблар фаолияти йўлга қўйилиши таълим сифатини янада оширишга хизмат қилиши ва уларни янада кўпайтириш кераклиги таъкидланди.

Раис "Фаррухбек Хўжайли" фермер хўжалиги томонидан йўлга қўйилган чорвачилик лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишди. Янги иш ўринлари яратишга қаратилган бундай лойиҳалар ташаббускорлари доимо қўллаб-қувватланиши кераклиги айтилди.
Фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўналишида ҳали ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш ва муаммоларга ечим топиш бўйича тумандаги нуронийлар билан учрашув ўтказилиб, амалга ошириши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг фаоллар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири