Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бирга ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Хўжайли туманидаги файзли жойларнинг бирида ҳудудда яшовчи 10 ёш оиланинг никоҳ ва 15 фарзанднинг суннат тўйлари кўтаринки руҳда ўтказиб берилди. Шу мақсадда туманнинг энг чекка овул ва маҳаллаларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг яшаш шароитлари, моддий аҳволи ўрганилди. Фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйларини ўтказишда ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилди.


Тадбирга келин-куёвлар, тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар таклиф этилди.
Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Б.Адилов, Хўжайли туман ҳокимининг ўринбосари Х.Холмуратов ва бошқа сўзга чиққанлар Президентимиз бошчилигида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг барча қатлами, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар турмуш шароитини яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Тўй эгаларини, келин-куёвларни ва бахтли фарзандларни ҳаётидаги унутилмас қувончли кунлари билан самимий қутлаб, уларга қимматбаҳо совғалар топширишди.


Тадбир давомида Бухоро вилояти ва Хўжайли туман маданият ходимлари томонидан тўй иштирокчиларига концерт дастури тақдим этилди. Хонадон эгалари, ёш келин-куёвлар амалга оширилаётган эзгу ишлар учун давлатимиз раҳбарига ўзларининг чексиз миннатдорчилигини билдиришди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири