Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ мамлакатимизнинг вилоятлари Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган.
Жумладан, Бухоро вилояти Хўжайли туманини ўз тажрибаси асосида янада ривожлантиришга кўмаклашмоқда.

Хайрли ташаббуслар доирасида 2022-2024 йилларда Хўжайлида қиймати 549 миллиард сўмга тенг лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган эди. Мазкур кенг қамровли ишлар туманда саноат ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш, янги ерларни ўзлаштириб, боғ-роғлар барпо этиш, йўл таъмири, ирригация тизимини тартибга келтириш, гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳудуд инфратузилмасини равнақ топтириш каби йўналишларда қатор лойиҳаларни ўз ичига олади. Бухоро тажрибаси асосида рўёбга чиқаётган бу янгиланишлар пировардида ҳудудни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш имконини беради.

Шу кунларда туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, ҳудуд муҳандислик–коммуникация тармоқларини қайта тиклаш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда. Оролбўйи заминида ташкил этилган Бухоро вилояти штабида ҳудудни ривожлантиришга сафарбар қилинган барча куч ҳамда воситаларнинг кундалик иши мувофиқлаштириб борилмоқда. Айни шу мақсадда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов бошчилигидаги қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари Хўжайлида бўлиб турибди.

Хўжайли туман ҳокимлигида ўтказилган муҳокама йиғилишида Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда йил якунига қадар бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар кенг муҳокама қилинди.
Энг аввало, Хўжайли туманидаги шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 58,6 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш режалаштириб олинган.

Бугунги кунда 10,450 миллиард сўм маблағ ажратилиб, унинг 6,750 миллиард сўми молиялаштирилган. Мазкур маблағлар ҳисобига 382 та оғир турмуш шароитидаги оила уй–жойларининг том қисмлари тўлиқ шифер (профнастил) қопламаси билан ёпилди. Бундан ташқари, 18 та ўта оғир шароитдаги оилага тўлиқ янги уй-жой қуриб берилди.
2022-2023 йилларда Бухоро вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан тумандаги 32 та қўп қаватли уйнинг фасад қисмлари тўлиқ таъмирланди. Мазкур ишларни амалга ошириш учун Бухоро вилояти маҳаллий бюджетидан 1 миллиард 700 миллион сўм маблағлар сарфланди.

Бухоро вилояти Автомобиль йўллари бошқармаси томонидан тумандаги 36 км ички йўлларга шағал ётқизиш ишлари бажарилди. Ҳудуднинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида туман электр таъминоти корхонаси билан ҳамкорликда 23,5 км ҳаво тармоқлари янгиланди, 402 дона ёғоч типдаги таянчлар бетон таянчларга алмаштирилди, 3 дона трасформатор пункти янгидан ўрнатилди.
Ўтган давр мобайнида Хўжайли туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ривожлантириш борасида жорий йилда 600 гектар ер майдони фойдаланишга киритилди.
Ўтган даврда 45 км узунликда “ХКС” хўжаликлараро коллектори, 19,4 км узунликдаги “Жана жап” канали икки томонлама тозаланди. Мазкур мақсадларга қарийб 2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Натижада тумандаги мавжуд суғориладиган экин экиладиган 4 минг гектар экин ер майдонлари кафолатли сув билан таъминланди. Фойдаланишдан чиқиб кетган 2 минг 645 гектар ер майдонларини қайта фойдаланишга киритишга имконият пайдо бўлди. Мазкур ишлар билан бир қаторда 10 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
Шу билан бирга ҳозир туманда инфратузилмани ривожлантириш мақсадида туман марказий кўчаларида 3,5 кмлик саломатлик ва пиёдалар йўлагини қуриш, “Парвоз” овул фуқаролар йиғинидаги бўш турган бинони 150 ўринли мактабгача таълим ташкилотига мослаштириш, марказий стадионни реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонда мамлакатимиз тадбиркорлари билан ўтказилган учрашувида белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб, келгусида амалга ошириладиган ишлар кенгашиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири