Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хўжайикон” туз ғори хавф остида қолмоқда
14:29 / 2022-07-20

“Хўжайикон” туз ғори хавф остида қолмоқда

Моддий маданий мерос объекти ҳисобланадиган “Хўжайикон” туз ғорининг ички қисмида санъат галереялари тизими билан биргаликда бир-биридан ҳарорат, намлик, босим ва микроиқлим бўйича фарқ қилувчи бешта хона-камералар мавжуд. Ғор деворлари ўзига хос тарзда бир сантиметрдан уч сантиметргача туз қатлами билан қопланган, ўтиш жойида туз эритмали шифобахш булоқ мавжуд. 

Туз ғори асосан юқори нафас олиш аъзолари, юрак қон томир кассаликлари ва эндокрин тизими кассаликларига шифо бўлади. Қон босимини меъёрлаштиради. Бронхит астма, ёш болаларда сурункали ларингит, катта ва кичик ёшдаги ринит, полиноз, зотилжам, пневмания, ўпканинг шаммоллаши, асаб тизими кассаликларига, айниқса уйқуси йўқ беморларга туз ғорида 5 та хона мавжуд бўлиб у хоналар ҳарорати намлиги ва босимидан ва туз макро ва микро элементларида кескин фарқ қилади. 

Мазкур туз ғорида шўр сув мавжуд бўлиб, у стоматит, ларингит ринит, полиноз, аллергик дерматит, пародантоз, тери кассаликларига шифо бўлади. Туз ғорининг узунлиги 200 метр бўлиб, ҳаво ҳарорати 14 градусдан 25 градусгача бўлади. 

Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, айни вақтда “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд. Хусусан, ушбу объектдан Сурхондарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси таркибидаги Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидан тегишли асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келмоқда. Бу эса маданий мерос объектининг муҳофазасини таъминлашда бир қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда. 

“Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектини асраб-авайлаш, уни давлат муҳофазасига олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.  

Қарор билан Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани, Оқтошота қишлоғи, “Чорбоғ” МФЙда жойлашган “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объекти “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган. 

Мазкур қарорлар доирасида “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси томонидан расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи олинган. “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси томонидан “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос обектидан самарали фойдаланиш ҳамда эгалик ҳуқуқи асосида барча турдаги ташрифчилар учун иш фаолиятини ташкил этиш мақсадида Сурхондарё вилоят Cоғлиқни сақлаш бошқармасига бир неча бор мурожаат қилинган. 

Сурхондарё вилоят Cоғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бу масала эътиборсиз қолдирилгани сабабли, “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектидан Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасининг мажбурий тартибда чиқарилишини сўраб, жорий йилнинг 18 апрель куни “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси томонидан Термиз тумани туманлараро иқтисодий судига даво аризаси киритилди. 

Термиз туманлараро иқтисодий суди томонидан якуний суд қарори чиқарилишида “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши юзасидан Термиз туманлараро маъмурий суд қарори чиқарилиши кутилмоқда. Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг 15 июнь куни Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан кўриб ўтилган ишда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектининг “Термиз” давлат музей-қўриқхонасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи берилганлиги ноқонуний деб топилмоқда. 

Таъкидлаш лозим, музей-қўриқхона “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объекти халқимизга янада кўпроқ самара келтириши ва келажак авлодга безарар етиб бориши учун бир қатор тадбирларни мақсад қилган.  

Хусусан, “Хўжайикон” туз ғори маданий мерос объектидан тиббиёт даволаш мақсадида ҳам фойдаланилиб, давлат ва ҳусусий санаториялар билан кенг ҳамкорлик олиб борилиши, халқаро миқиёсдаги диққатга сазовор жойлардан бирига айлантирилиши, маҳаллий ва хорижий ташрифчиларнинг эко ва тиббиёт туризми доирасида кенг жалб этилиши, маблағ тушумларининг тартибга солиниши ва мазкур маблағлар бюджет маблағлари сифатида йўналтирилиши ҳамда энг асосийси, мазкур маданий мерос объекти давлат муҳофазасида ишончли сақланиши учун “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси балансида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида қолдирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунида ҳам маданий мерос объектларининг давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган. Бу эса, ўз ўрнида, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар томонидан ҳуқуқий, ташкилий, молиявий, ахборотга доир, моддий-техникавий ва бошқа чора-тадбирлар кўриладиган тизимининг барча поғоналари узвий боғланган тарзда фаолият кўрсатишини тақозо этади. 


Муҳайё Тошқораева, ЎзА