Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хўжайикон” туз ғори ўзининг табиий гўзаллиги билан ажралиб туради
14:54 / 2025-07-25

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган Кўҳитанг тоғ тизмасининг жануби-шарқий ёнбағридаги “Хўжайикон” туз ғори ўзининг табиий гўзаллиги, ноёб иқлими ва даволаш хусусиятлари билан диққатга сазовор манзиллардан бири саналади.

Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, ғор ичидаги ҳаво йод, натрий хлорид ва тоза туз иони билан тўйинган. Ғор деворлари ўзига хос тарзда бир сантиметрдан уч сантиметргача туз қатлами билан қопланган, ўтиш жойида туз эритмали шифобахш булоқ мавжуд. Астма, бронхит, аллергия ва бошқа нафас йўли касалликларини енгиллаштиришда ёрдам беради.

Бу ерда нафақат табиат қўйнида дам олиш, балки дардлардан фориғ бўлиш мумкин. 

Қайд этиш лозимки, мазкур ҳудудда сайёҳлар учун ҳали етарлича имкониятлар ишга солинмаган, аммо экотуризм ва экстремал саёҳатлар учун катта имконият бор. Туз ғори атрофида тоғлар, даралар, тарихий қўрғонлар жойлашган. Туз ғорининг узунлиги 200 метр бўлиб, ҳаво ҳарорати 14 градусдан 25 градусгача бўлади. 

Ғорга ташриф буюрувчиларга гид ёрдамидан фойдаланиш, ҳаво намлиги юқори, емирилган тузларнинг сиқилиши эҳтимоли борлиги сабабли эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади. Йўллардаги ноқулайликлар боис, махсус транспортда бориш лозим.

“Хўжайикон” туз ғори моддий маданий мерос объекти ҳисобланади. Мазкур маданий мерос объектини асраб-авайлаш, уни давлат муҳофазасига олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунида маданий мерос объектларининг давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА