Андижон вилоятида 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади.
Президентимизнинг жорий йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаради.
Мазкур қарор асосида Андижон вилоятидаги 473 та маҳаллада ички йўлларни, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув тармоқларини яхшилашга қаратилган умумий қиймати 581 миллиард сўмга тенг 527 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
Жумладан, Хўжаобод туманидаги 16 та маҳаллада умумий қиймати 10 миллиард 827 миллион сўмга тенг 20 та лойиҳа амалга оширилади. Тумандаги 16 та маҳаллада лойиҳаларни бошланишига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева, туман ҳокими Ўткирбек Шукуров, маҳалла аҳолиси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Ипак йўли” маҳалласида бўлиб ўтди.
[gallery-9479]
Айни кунда “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 600 дан ортиқ хўжаликда 2 минг 800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳолиси аксарият кўчалар йўлларининг ёзда чанг, қишда лойлигидан азият чекар, айниқса, ёш ўқувчилар мактабга бориб-келишга қийналар эди.
– Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида маҳалламиздаги умумий узунлиги 5,3 километр бўлган Аҳиллик, Истиқлол, Камолот, Пиллакор кўчалари асфальтланадиган бўлди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуриддин Олимжонов. – Бунинг учун бюджет ҳисобидан 3 миллиард 180 миллион сўм маблағ ажратилди. Насиб этса, энди йўлларимиз равон, обод бўлади. Энг муҳими, узоқ йиллардан буён одамларни қийнаб келаётган муаммолардан бири тўла ҳал этилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан одамларимизнинг ўз ҳаётидан, бугунидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар халқимизнинг давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА.