Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хўжанд ва Душанбеда ўзбек-тожик «Дўстлик Наврўзи»
17:43 / 2023-03-22

Тожикистонинг Суғд вилояти маркази – Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон ва тожикистонликлар иштирокида «Дўстлик Наврўзи» бўлиб ўтди. Карнай-сурнай садолари остида чинакам дўстлик байрамига айланиб кетган шукуҳли тадбир Ўзбекистоннинг «Ватандош» жамоат фонди ва Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ташаббуси билан ўтказилди.

«Ватандош» жамоат фонди матбуот котиби Уфора Ҳабибуллаева дўстлик базмига йиғилган меҳмонларни бу шукуҳли байрам билан қутлар экан, тожик ва ўзбекларда қадим-қадимдан нишонлаб келинаётган Наврўзнинг ажиб хислатлари, жумладан, яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳақида алоҳида тўхталди.

Сўзга чиққан ўзбекистонлик ва тожикистонлик қатнашчилар ҳам айни Наврўз кунлари янги-янги дўстлар орттирилиши, биродар-оғайничилик ришталари мустаҳкамланиши ҳақида фикр юритишди.

«Дўстлик Наврўзи»да ўзбек ва тожик тилларида яшнаш-яшариш фасли -кўклам, тинчлик-осойишталик, дўстлик, меҳр-оқибатни васф этувчи шеърлар, қўшиқлар янгради. Ўзбекистонлик ва тожикистонлик санъаткорлар – Тошкентдаги ўзбек драма театри актрисаси Изроҳат Муродова, хушовоз ҳофизлар Тожинисо Ниёзова, Дилафрўз Ҳайитметова, Жамбул Муҳаммедов ва бошқа санъаткорлар ижросидаги драматик асарлардан монологлар, куй-қўшиқлар байрам файзига файз қўшди.

- Мен бундай тадбирлар тез-тез ўтказилишини истайман. Ахир, меҳр кўзда дейдилар. Асрлар давомида бизнинг ҳар бир яхши-ёмон кунимиз, айниқса, Наврўз ўзбек дўстларимиз иштирокида ўтган, - дейди узоқ йиллар ёш авлодга таълим бериб келган саксон ёшдан ўтган тожикистонлик Абдуворис ота Орипов.

Айни шундай «Дўстлик Наврўзи» Душанбе шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. Бу базмни ҳам «Ватандош» жамоат фонди ва Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ташкил этди.

Ўринбой Усмон, Хўжанд