Маълумки, яқинда нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё мамлакатлари ҳаётида муҳим ўзгариш ясаши кутилаётган муҳим тарихий воқеа юз берди. Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари қўшма учрашувида муҳим ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда кўплаб маҳаллий ва хорижлик экспертлар ижобий фикр билдирмоқда.

Тазин Ахтар, “Pakistan in the World” газетаси бош муҳаррири:
– Хўжанд саммити Марказий Осиё архитектурасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Минтақа интеграцияси жараёнини яқиндан кузатувчи сифатида иштирокчи давлатлар учун муҳим қатор жиҳатларни таъкидламоқчиман.
Аввало, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома тарихий ютуқ. Ўн йиллар мобайнида илк бор Марказий Осиёдаги энг нозик масалалардан бири – чегараларни делимитация қилиш ниҳоят ҳал қилинди. Бу шунчаки ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки минтақада барқарор тинчлик, ишонч ва тараққиётнинг муҳим шартидир.
Уч мамлакат чегарасида Дўстлик стеласи очилиши биродарлик, стратегик шериклик янги даврининг қудратли рамзидир. Етакчилар муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш зарурлигини таъкидлагани ҳам муҳим. Гап қўшма сармоявий лойиҳалар, божхона ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, транспорт тизимини ривожлантириш, жумладан “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси, шунингдек маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг уч томонлама савдо майдончасини яратиш ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқ. Бу Марказий Осиё маконида барқарор иқтисодий интеграция учун намуна бўлиши мумкин. Зеро, минтақа ташқи бозорлар, жумладан Жанубий Осиё билан алоқани кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабати тўғрисидаги шартнома кучга кириши тўғрисидаги баённома имзоланиши ҳам муҳим воқеа. Глобал нотинчлик шароитида минтақадаги иттифоқчилик алоқалари барқарорлик ва ўзаро ёрдам учун кучли пойдевор яратади.
Чегараларни делимитация қилиш, савдо ҳажмини ошириш ва қўшма инфратузилма лойиҳаларини йўлга қўйишдаги ютуқлар Марказий Осиёни ташқи шериклик учун янада очади. Ўзбекистон конструктив дипломатия, бунёдкорлик ва интеграцияга содиқлигини намойиш этмоқда.
Хесус Хил, Мадрид автоном университети Осиё тадқиқотлари маркази профессори, Испания Шарқшунослар уюшмаси бош котиби, туркшунос:
– Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси яна бир бор таъкидланди. Унинг етакчилиги, қардош давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликни ривожлантиришга интилиши дипломатик ҳамкорликнинг ҳар бир босқичида намоён бўлмоқда.
Навбатдаги учрашувда эришилган келишувлар ҳам минтақа барқарор ривожланиши, барқарорлик таъминланиши, Марказий Осиёнинг халқаро нуфузи мустаҳкамланиши учун янги уфқлар очади.
Президент Шавкат Мирзиёев доим амалий ҳамкорлик муҳимлиги, чегарадош вилоятлар ўртасида иқтисодий, маданий алоқани мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб келади. Байрам кунлари қўшма концерт дастурлари ташкил этилиши, транспорт ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш таклифи билдирилиши фуқаролар турмуш тарзини язшилаш, ёшлар имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат.
“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва Халқаро иқлим форуми каби йирик тадбирларни ташкил этиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатлар ҳам Ўзбекистон етакчисининг мамлакатни дипломатик ва иқтисодий ташаббуслар марказига айлантириш йўлидаги қатъиятини кўрсатади.
Ли Юнху, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти катта илмий ходими:
– Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарларининг уч томонлама учрашуви минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадамдир. Дўстлик стеласи очилиши қардош давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзига айланди. Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланиши эса мавжуд тўсиқларни бартараф этувчи, минтақанинг халқаро нуфузини оширувчи тарихий воқеа. Мазкур шартнома Давлат чегараларини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома билан бирга барқарор ривожланиш учун мустаҳкам замин яратади, инвестиция жалб этиш ва йирик иқтисодий лойиҳалар амалга оширишнинг зарур шарти бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Президентининг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътиборга лойиқ. Биринчидан, юқори даражадаги фаол, ишончли алоқа юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришга ёрдам беради. Иккинчидан, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда чегарадош вилоятлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни ривожлантириш муҳим. Божхона объектларини такомиллаштириш, қулай савдо-логистика инфратузилмасини яратиш, уч томонлама савдо майдончасини яратиш бўйича таклифлар жуда ўринли. Учинчидан, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, қўшма инвестиция капиталини босқичма-босқич кўпайтириш янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Тўртинчидан, транспорт тизимларини ривожлантириш, жумладан авиа рейслар частотасини ошириш ва янги автобус йўналишларини ишга тушириш халқлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантиришда асқотади.
Ниҳоят, “яшил” энергия ва транспорт соҳасидаги йирик минтақавий лойиҳалар, сув ва экология соҳасидаги дастурларни илгари суриш минтақа барқарор ривожланиши, экологик муаммолар ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова тайёрлади.