Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хўжалик субъектларига нисбатан 49,9 млрд. сўмлик молиявий жарималар қўлланилди
14:13 / 2023-12-13

Мамлакатимизда 2021 йил 1 январдан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилган. 2022 йил 13 июнгача алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотувчиларига маркировкаланмаган маҳсулотларни савдодан олиб ташлаш имконияти берилди.

Шунга қарамай, солиқ органлари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида ўтказилган текширишлар давомида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси қоидаларини кўп миқдорда бузиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, жорий йилнинг октябрь-декабрь ойлари давомида рақамли маркировкаланмаган 1,9 млрд. сўмлик 168,7 минг дона алкоголь ва 0,9 млрд. сўмлик 81,4 минг дона тамаки маҳсулотлари олиб қўйилди.

Солиқ қўмитаси матбуот хизматининг таъкидлашича, рақамли маркировкаларнинг йўқлиги бир қатор салбий оқибатларга олиб келади.  

Биринчидан, товарнинг келиб чиқиш манбасини аниқлаб бўлмайди. Бу эса соғлиққа жиддий зарар етказиши мумкин бўлган контрафакт ва қалбаки маҳсулотларни аҳолига сотиш хавфини сезиларли даражада оширади.

Иккинчидан, маркировкаланмаган маҳсулотлар савдоси натижасида мажбурий бўлган солиқлар ва йиғимларнинг тўланмай қолиши Давлат бюджетига зарар келтиради.

Учинчидан, “уддабурон” тадбиркорлар томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг солиқ ва йиғимлар тўланмаган ҳолда реализация қилиниши интизомли тадбиркорлар учун рақобат майдонида тенгсизликни келтириб чиқаради.  

Солиқ органлари томонидан контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш, давлат бюджети тушумларини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, шунингдек, истеъмолчилар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаатлар асосида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи 572 та субъектда текширувлар ўтказилди.

Натижада қонун бузилишларга йўл қўйган 491 та хўжалик субъектларига нисбатан Солиқ кодексининг 227-прим 1-моддасига мувофиқ 49,9 млрд. сўмлик молиявий жарималар қўлланилди. 4  ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.  

Амалга оширилган чора-тадбирлар алкоголли маҳсулотларни сотишдан бюджетга ундириладиган солиқ тушумларига ижобий таъсир кўрсатиб, ноябрь ойида ўтган 10 ойдаги солиқ тушумларига нисбатан 189 фоизга ошган.  

Солиқ қўмитаси сотувчиларни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилишнинг қонуний тартибини бузмасликка чақиради.

Ш.Маматуропова, ЎзА