Тарихий қадамжолар
Тарихдан маълумки, юртимизда X-XV асрларда илму маърифат гуллаб яшнаган. Шу боис кўплаб илм аҳли шу диёрга келишга интилган. Бунинг натижасида ўлкамиздан ўша даврларда бир қанча алломалар етишиб чиққан. Уларнинг кўпчилиги шу заминда мангу қўним топган.
Қашқадарё вилояти Китоб туманига қарашли Муғул қишлоғи атрофида шундай бир жой бор. Шу ерлик аҳоли бу жойни Хўжа Неъматуллоҳ зиёратгоҳи, деб аташади ва доимий равишда у ердан зиёратчилар қадами узилмайди.
Бу галги сафаримиз айнан ўша манзилга қаратилди. Китоб туманининг тоғли қишлоқлари оралаб ўтиб борар эканмиз. куз фасли ўзининг бор таровати билан намоён бўлади. Тоғ ён бағирларида барпо этилган боғлар оловранг қизғиш тусга кирган. Осмонга бўй чўзган тераклар, кузнинг майин шабадасида шовиллайди. Азим чинорлар эса япроқлари билан видолашмоқда...
[gallery-26452]
Муғул қишлоғи ҳам туманнинг Паландара ҳудудига қарашли бўлиб, тоғ ёнбағрида жойлашган. Зиёратгоҳга бориш учун қишлоқдан анчагина юқорига чиқишга тўғри келади. Шу ўринда айтиш жоизки, у ерга олиб борувчи йўл озгина таъмирталаб аҳволга келиб қолган.
Манзилга етиб келганимизда зиёратгоҳ раҳбари Саид Асқархон Муҳиддинов бизни қарши олди ва зиёратгоҳ билан таништирди.
Кўкка бўй чўзган юзлаб чинорлар бор. Саид Асқархоннинг айтишича, уларнинг ёши 800 йилдан ошиқроқ. Қизиғи, қишлоқнинг ҳеч қаерида чашма йўқ, аммо айнан шу ерда чинорлар остидан чиқадиган сув аҳоли учун ичимлик суви ҳисобланади. Булоқ суви бутун қишлоқ аҳолисини таъминлайди. Энг юқори қисмида эса балиқлар ҳам яшайди ва улар ҳеч қачон овланмайди.
– Турган жойимиз Хўжа Неъматуллоҳ зиёратгоҳи бўлиб, у киши Мир Саид Барака билан ака-ука бўлган. Исломни тарғиб қилиш мақсадида улар 1370 йил Арабистондан Мовароуннаҳрга сафар қилиб келишган, – дейди Саид Асқархон. – Улар пайғамбаримизнинг 21 авлодлари ҳисобланади. Шу боис буюк соҳибқирон Амир Темур уларни ўзига пир сифатида қабул қилган. 1390 йилгача Самарқандда яшаган. Кейин хўжа Неъматуллоҳ бошқа жойда яшайман деган ният билан мана шу жойларга келган. Ҳазрати Башир отанинг туғилишида ҳам у кишининг дуолари сабаб бўлган дейишади. Бу ерга нафақат маҳаллий, балки хорижлик туристлар ҳам кўп ташриф буюради. Жорий йилда Малайзиядан туристлар келганида улар Лондондаги музейдан Хўжа Неъматуллоҳнинг қабри шу ерда экани, улуғ авлиёлардан бўлгани ҳақидаги маълумотларни ўқиганини, уни таржима қилиб, кейин шу манзилни топиб келганини таъкидлашди. Ўз даврида Хўжа Неъматуллоҳ ҳам Амир Темур билан доимий суҳбатдош бўлган. Маълум бир пайтдан кейин Хўжа Неъматуллоҳ Мир Саид Баракадан ажралиб, шу ерга келиб яшаган. Қўлидаги таёқни ерга қадаган, у чинор бўлиб кўкарган, тагидан сув чиққан. Шу сув хўжа Неъматуллоҳнинг чашмаси дейилади. Чиллахонада 6 йил яшаб, шу ерда қазо қилган. Бу кишидан уч ой олдин акалари Саид Барака вафот қилган. Соҳибқирон икковларига ҳам бир пайтда қабр тоши ясатиб қўйдирган. Ўзи ҳам келиб зиёрат қилган.
Чашма ёқалаб, юқорида мўъжазгина мақбара жой олган. Унда эса хўжа Неъматуллоҳнинг қабри жойлашган. Қабр тоши анчагина эскирган, темурийлар даврига хос эканлигини фотосуратларига қараб тарихчи дўстларимиз ҳам тасдиқлашди.
Саид Асқархоннинг айтишича, қабртошнинг устки, ҳар бир ён томонларида арабий битиклар битилган. Ён томонидаги битиклар мазмуни қуйидагича: Форсийда: “Зи ҳокам чу хирмони гиёҳи бодин, Зи ҳар шохи баргам, вафои бадин”. Таржимаси: “Шу тўдалаб қўйилган тупроқ хирмони гиёҳлар тубида, Не амал қилган бўлсам шохи, барги, вафосигача шунда”. Қабртошнинг устки қисмида Қуръоннинг “Бақара” сурасининг охирги “Омона Расулуҳи”... ояти тўлиқ битилган. Қабртошнинг бош томонида: “Саййид Неъматиллоҳ ибни Абдулло ибни Абдираҳмон, тарихи вафотлари 800 йил ҳижрий” (милодий 1399 й.) деб кўрсатилган.
Бизгача етиб келган манбаларга таянадиган бўлсак, Саййид Неъматиллоҳ ўз даврининг фақиҳи, файласуфи ва шоиридир. Сўфийликдаги Неъматиллоҳия йўналишининг асосчиси саналади. У киши замондошлари орасида “Шоҳ Неъматиллоҳ Валий” тахаллуси билан ҳам машҳур бўлган.
Тасаввуфий алломалар орасида Хўжа Неъматуллоҳ валийнинг алоҳида ўрни бор. Хўш, у киши ҳақида диний адабиётларда қандай маълумотлар бор. Комилжон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” асарида у ҳақида қуйидаги маълумотларни учратиш мумкин: “...Шоҳ Неъматуллоҳ Валий ким ва қандай хизматлари эвазига машҳурликка сазовор бўлган? Номи “Неъматуллоҳ ибни Абдуллоҳ”, диний нисбаси Нуриддин (дин нури), тасаввуфий нисбаси эса Шоҳ Мир Неъматуллоҳ Валий бўлган ушбу зотнинг тўлиқ номи Мир (ё Амир) Саййид Нуриддин Неъматуллоҳ ибн Амир Абдуллоҳ Кирмоний бўлиб, “Шоҳ Неъматуллоҳ Валий” номи ила тарихга машҳуру манзур бўлган. Мир Саййид Неъматуллоҳ 1330 йилда Ироқда, қадимий Шом заминининг Ҳалаб шаҳрида дунёга келганлиги бир неча саҳиҳ манбаларда келтирилган. Баъзи манбаларда унинг туғилиш жойини Кирмоннинг Моҳон мавзеи деб, адашишади (аслида, у ерда дафн этилган эди). Мустафо бин Абдулло Чалабий (Ҳожи Халифа) ўзининг “Тақвим ут-таворих” асарида ёзади: “Шоҳ Неъматуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Камолиддин Ҳалабий Кўҳбаноний Кирмоний, лақаби Нуриддин, тахаллуси Саййид ва Шоҳ Неъматуллоҳ Валий номи ила машҳурдир... 730 ё 731 йилда Ҳалабда туғилган”. Отаси Амир Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Кирмоний замонасининг машҳур орифларидан ҳисобланган. Мир Саййид Неъматуллоҳнинг ота- боболари ўз даврининг кўзга кўринган арбоблари бўлишган. Насаб жиҳатидан бешинчи Имом Муҳаммад Боқирга бориб етишиши барча диққатга молик китобларда зикр этилган бўлиб, ҳасаб жиҳатидан эса хизматлари туфайли шуҳратга эришган ҳамда диний, ахлоқий масалаларда ва назмда юртининг пешвоси бўлган. Шу билан бирга, Амир Неъматуллоҳ Имом Муҳаммад Боқир орқали 21 ота воситасида насаби Ҳазрати Пайғамбарга (с.а.в.) бориб етган...”
А.Чориевнинг “Ҳазрати Султон ва Ҳазрати Башир тарихи” асарида ҳам Хўжа Неъматуллоҳ ҳақида қисқагина маълумотлар келтирилган: “Амир Темурнинг “Саййид Барака” ва “Саййид Неъматуллоҳ” исмли ака-ука маслаҳатчилари бўлган. Улар кароматли авлиёлар бўлишган. Аъёнларнинг иғвоси оқибатида саройни тарк этишган. Саййид Барака ва Саййид Неъматуллоҳ Самарқанддан чиқиб тоғ устига келишганда, изларидан чопар келиб, Соҳибқирон уларни саройга қайтишларини буюрганини айтади. Саййид Неъматуллоҳ тоғдан пастга тушганлиги учун қайтмайди, Саййид Баракани қайтариб келадилар. Самарқандга Саййид Барака қайтганлиги учун ҳам хайру барака яхши бўлади, дейишади. Саййид Бараканинг укаси Неъматуллоҳ эса тоғдан ошиб Китоб томонга йўл олади”.
Шу ўринда Шоҳ Неъматуллоҳнинг вафоти ва қабри жойлашган жой билан боғлиқ ихтилофларга дуч келдик. Юқорида таъкидлаганимиздек, зиёратгоҳдаги қабртош ва унда битилган ёзувлар алломанинг қабри айнан биз борган манзилда, яъни Китоб туманидаги Муғул қишлоғи атрофидаги зиёратгоҳда жойлашганига ишора қилса, Комилжон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” асаридаги маълумотлар сал бошқачароқ. Жумладан, асарда алломанинг вафоти билан боғлиқ қуйидаги маълумотлар келтирилган: “...Яна ҳам аниқроқ манба “Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул баҳрайн” асари муаллифи Абдураззоқ Самарқандий шундай ёзади: “Саккиз юз ўттиз тўртинчи йили камол аҳлининг саййиди, ҳолл эрларининг ҳужжати, улуғ муртазо, араб ва ажам саййидларига ўрнак, илоҳий нурларни очувчи, ниҳоятсиз (Тангри)нинг сирларидан воқиф бўлмиш амир Нуриддин Саййид Неъматуллоҳнинг руҳи лочини – йигирма бешинчи ражабда (1431 йилнинг 8 апрели) Кирмоннинг Моҳон қишлоғида ранжу меҳнат ваҳшатободи бўлган бу дунёдан жаннат гулистони томон учди. Унинг қабри ҳам ўша жойдадир. Бу варақларни тўпловчи Абдураззоқ ибн Исҳоқ иттифоқан 845 йил ойларида Кирмон шаҳрига ва Моҳон қишлоғига борди ва Саййид Неъматуллоҳнинг у нурли қабрию хушбўй тупроғини зиёрат қилишга мушарраф бўлди ва ғоятда улуғвор қилиб қурилган қубба, боргоҳ, гунбаз ва хобгоҳни кўздан кечирди”. Кўриб турганимиздек, темурий ҳукмдорлар Шоҳруҳ ва Мирзо Улуғбекларнинг тарихини ёритувчи асосий манбалардан бири ҳисобланган “Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул баҳрайн” асари ҳам Шоҳ Неъматуллоҳ Валий вафотининг аниқ санасини, қабр жойининг аниқ ўрнини кўрсатмоқда...”.
Яна баъзи бир тарихчилар ушбу қабр рамзий бўлиб, асл қабрдан келтирилган тупроқ олиб келиб дафн қилинган дейишади. Лекин агар ҳақиқатда шундай бўлганда, бу қабр тоғ ёнбағридаги олис қишлоқнинг четида эмас, балки шаҳар марказларидаги кўзга кўринган бир жойда амалга оширилар эди.
Албатта, бу баҳсли маълумотлар алломанинг тарихи билан боғлиқ маълумотларни янада чуқурроқ тадқиқ этиш, ўрганишни талаб қилади. Нима бўлганда ҳам у инсоннинг ушбу ҳудудларга келгани, шу манзилларда яшагани факт.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза, бугунги кунда мана шундай улуғ авлиё, ўз даврида соҳибқирон Амир Темурдай давлат раҳбари ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган аллома номи билан боғлиқ зиёратгоҳ, айтиш жоизки эътибор ва ғамхўрликка, ободонлаштиришга муҳтож. Биринчи галда у ерга олиб борувчи йўл абгор, бундан ташқари зиёратгоҳ ҳудуди ҳам хароб ҳолда. Кейинги йилларда туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳисобга олсак, ушбу зиёратгоҳнинг четда қолиб кетиши, хунук ҳолат деб ўйлайман. Умид қиламизки, масъуллар бу ҳақда ҳам ўйлаб кўришади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/6czA-APe7EU?si=iSV0aQVKT8MPrLpF" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари