Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи ҳақида биласизми?
07:02 / 2023-04-12

ФОТОРЕПОРТАЖ

Сурхондарё вилояти Денов тумани Намозгоҳ маҳалласида Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи жойлашган.  

Хожа Алоуддин Аттор нафақат Сурхон воҳаси, балки Мовароуннаҳр маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган мутасаввуф олимдир. У ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирди ва куёви, икки буюк халифасидан бири бўлиб, асл исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Хоразмийдир. Отаси хоразмлик бўлиб, атторлик савдоси билан шуғулланган.

Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Хожа Алоуддин Аттор Хоразмда туғилган. Бухоро мадрасасида таълим олган. Хожа Алоуддин Аттор милодий XIV асрнинг 90-йилларида Бухородан Деновга келгач, нақшбандия тариқати тарғиботини давом эттирди. Нақл қилишларича, Алоуддин Аттор вафотидан 7 йил аввал Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилиш мақсадида Ҳисор вилоятидан Бухорога бормоқчи бўлади. 18 кун деганда Бухорога етиб, Нақшбанд қабрини зиёрат қилади. Шаввол ойининг бошида яна уйига қайтади. Муҳаммад ибн Тоҳир Хоразмийнинг ривоятига кўра, Алоуддин Аттор 802/1399 йил 2-ражаб ойининг душанба куни дардга чалинади. Ўша ойнинг йигирманчи кечаси хуфтон намозидан сўнг вафот этади. У қўним топган қабристон “Шайх Аттор Валий” ёки “Остона бува” деб номланади.

Хожа Алоуддин Аттор сағанаси XV асрга оид бўлиб, аввал бу манзилда фақат Валийнинг ҳамда ўғли ва набирасининг қабри бўлган, кейинчалик бу жой катта зиёратгоҳга айланган.  

[gallery-11398]

Мустақиллик йилларида буюк алломалар, азиз авлиёларнинг илмий меросини ўрганиш, зиёратгоҳларини обод қилишга қаратилган эътибор самарасида 2000 йил Денов тумани ҳокимлиги ва маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қабр ёнига мақбара қурилган.  

2019-2020 йилларда маҳаллий ҳомийлар томонидан эски мақбара ўрнида ҳашаматли мақбара бунёд этилди. Қабр мақбаранинг ертўла қисмига олиниб, тепасига рамзий қабр қўйилди. Мақбарага ганчкорлик усулида чиройли безаклар берилди. Маскан ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди.  

 

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА