Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ховосликлар янги йилни – янги шаҳарчада кутиб олмоқда
17:01 / 2020-12-31

Жорий йилнинг 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Т.Худайбергенов Сирдарё вилояти Ховос туманининг янги марказига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, вилоят ва барча туман-шаҳарлар секторлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, Миллий маданий марказлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2019 йил 19 февралдаги Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида берган топшириқларини ижро этиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 майдаги 380-сонли қарори ижроси доирасида Ховос шаҳарчаси янги марказини қуриш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

2500 йилдан ортиқроғ тарихга эга Ховос – туман сифатида 1926 йилда ташкил топган. Умумий майдони 1,5 минг километр квадрат. Айни пайта, туманда салкам 100 мингга яқин ўзбек, тожик, қозоқ, татар, туркман, корейс, рус, қрим татар, озарбайжон, арман, украин ва бошқа миллат вакиллари аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келмоқда.

Бош режага асосан Ховос шаҳарчаси марказида тижорат банклари маблағлари ҳисобига қурилган 240 хонадонга мўлжалланган 10 та 5 қаватли тижорат уйлари, 600 хонадонга мўлжалланган 20 та 5 қаватли арзонлаштирилган уйлар фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, ҳар бири 3 хонадан иборат 100 та 2 сотихли арзонлаштирилган котеж-уйлар ҳам қуриб битказилди ва уларга фуқаролар тўлиқ кўчиб кирди.

Туманнинг янги марказида маъмурий бинолар, ижтимоий, маданий, маиший ва саноат объектлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, банк, бозор, турли сервис хизматлари кўрсатиш иншоотлари, ўқув, тиббий, спорт, мактабгача таълим муассасаларининг янги бинолари бунёд этилди.

Ховос тумани янги марказининг тантанали очилиш маросимидан сўнг, иштирокчилар дастлаб янгидан бунёд этилган “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гуллар қўйиб, ўтганларни хотирасини ёд этди.

Ҳудуддаги Ховос ўлкашунослик музейи тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Узоқ йиллик тарихга эга бўлган 200 дан ортиқ тарихий ашёлар ҳамда экспонатларни ўзида жамлаган, бугун ҳам янги-янги тарихий ёдгорликлар билан бойиб борилаётган Ховос ўлкашнослик музейи маҳаллий аҳоли, ички ва хорижий сайёҳлар асосий диққат марказида бўлиши шуҳасиз.

Туман марказида бир вақтнниг ўзида 100 га яқин харидорга бевосита хизмат кўрсатишга мўлжалланган “Эко-маркет” фаолияти йўлга қўйилгани туман аҳолиси ва тадбиркорлар учун айни муддао бўлди. Ушбу маркетнинг қулайлиги шундаки, шу ернинг ўзида исталган маҳсулотни арзон нархларда сотиб олиш ёки сотиш мумкин. Шу билан бирга, ўз номига монанд барча маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза ва сифати кафолатлангани аҳоли саломатлиги учун муҳим аҳамият касб этади. “Эко-маркет”да барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдоси йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тадбир иштирокчиларининг навбатдаги ташриф манзили бўлган “Coworking center” Ховос тумани қиёфасига янгича кўрк бағишлаганини, у ўзида замонавий архитектуранинг энг сўнги ютуқларини мужассам этганини алоҳида таъкидламай иложимиз йўқ.

Шу куннинг ўзида “Coworking center” биносида бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилиб, ёшлар ихтиёрига топширилди. “Марказ” сўзининг ўзиёқ бу маскан ёшларнинг ҳаётга янгича ёндашуви, замонавий фикрлар, инновацион ғоялар шаклланадиган, ҳаётга татбиқ этиладиган маскан бўлишига ишорадир.

Ушбу марказнинг қурилишига 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди. “Ёш тадбиркорлар” учун мўлжалланган “Coworking” маркази уларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари, лойиҳалари, ноу-хаулари, стартапларини амалга ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, юридик ҳамда тижорий маслаҳатлар бериш, бухгалтерия ҳисоботларини юритиш, малака ошириш сабоқларини ўтиш, семинарлар ташкил этиш ва бошқа бир қанча хизматларни йўлга қўйишга мўлжалланган. Бундан ташқари, марказда – туманда фаолият кўрсатишни ният қилган ёшлар учун офислар олишлари ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун ҳам барча имкониятлар мужассам. Марказ ўз иш фаолиятини бошлаши самарасида 10 дан ортиқ ховослик ёшлар янги иш ўринларига эга бўлди.

Шу куннинг ўзида Президентимизнинг Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Халқ қабулхонаси, Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат хизматлари марказининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.

Қувонарлиси, бу ерда фуқароларга барча турдаги давлат хизматлари кўрсатилади ва бир жойнинг ўзида барча зарур бўлган ташкилотлар мужассамлашган. Бинонинг қурилишига 5 миллиард 326 миллион сўм сарф-харажат қилинди.

Ховос тумани Бунёдкор маҳалласида жойлашган собиқ “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига қарашли бино-иншоот ва ер майдонида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги қарори асосида умумий майдони 3,5 гектарни ташкил этган “Ховос кичик саноат зонаси” барчанинг эътиборини тортди.

Ушбу саноат зонаси зарур йўл транспорт ва муҳандислик коммуникация инфратузилмаси билан тўлиқ таъминланган. Ҳозирги кунда кичик саноат зонасига жами 8 та янги лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, ишлаб чиқариш майдонлари лойиҳалар билан тўлиқ қамраб олинди. Ушбу лойиҳаларнинг 4 таси тўлиқ амалга оширилган бўлса, яқин фурсатларда яна 4 таси ниҳоясига етказилиши арафасида.

Ховос ширинликлари бест” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 4 миллиард 700 миллион сўм бўлган шоколад ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилгани, ховосликларга янги йил арафасида ажойиб туҳфа бўлди. Қувонарлиси 22 нафар Ховос тумани фуқаролари янги иш ўрнига эга бўлди. Энди элимиз дастурхонида Ховос брендиси остида асалданда мазали шоколадлар пайдо бўлишига асло шубҳа йўқ.

Ховос шаҳри юртимизнинг энг қадимий ва бой тарихга эга бўлган гўшаларидан биридир. Буни тарихий ёзма манбалар, шунингдек Кўҳна Ховос шаҳри ўрнида олиб борилган археологик-қазилма тадқиқотлари ҳам тасдиқлаб турибди.

Бугунги кунгача эришилган тадқиқотлар натижаларига асосан, Кўҳна Ховос камида 2500 ёшда эканлиги эътироф этилмоқда. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳамда маҳаллий кексаларнинг хотираларида сақланиб қолган Ховосга оид турли ривоятлар ҳам ушбу маскан тарихи кўҳналигидан далолат бермоқда.

Узоқ замонлардан бери ҳозиргача сақланиб келаётган “Ховос тепалиги” тарихий-археологик объект Кўҳна Ховос қалъасининг бир қисми ҳисобланади. Ташриф давомида иштирокчилар бу тарихий тепаликни ҳам зиёрат қилиб, у ерда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари билан танишдилар.

Ховос қалъасига оид муҳим маълумотлар, шунингдек, унинг маҳаллалари ва муқаддас қадамжолари ҳақидаги қизиқарли ҳикоя, афсона ва ривоятлар, асосан, археологик экспедициялар давомида маҳаллий аҳоли ва кекса нуронийлар тилидан ёзиб олингани таҳсинга лойиқ. Қолаверса, бир қатор ёзма манбалар ўрганилиб, Ховоснинг XX аср бошидаги кўринишини акс эттирувчи рангли фотосуратлар ҳам топилган.

Ховос туманида ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси тадбир иштирокчиларига жуда манзур бўлди. Кўргазмада 40 дан ортиқ трикотаж, қурилиш, қандолат, қишлоқ ҳўжалиги ва ноозиқ овқат маҳсулотлари ҳамда мебел жиҳозлари ўрин олгани иштирокчиларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб этди.

Навбатдаги ташриф манзилида иштирокчилар 2018 йилда енгил конструкцияли қурилиш материалларидан бунёд этилган умумий майдони 1 гектарни эгаллаган “Textile fashion” тикувчилик фирмасига бўлди. Ушбу корхона трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Фирма иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлсада, бу ерда доимий иш ўрни билан таъминланган 250 нафар ховослик хотин-қизлар томонидан жаҳон андозаларига мос равишда тайёрланаётган эркаклар, аёллар, болалар кийимлари аллақачон Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинмоқда. Келгуси йили корхона ишлаб чиқариш сифати, миқдори ва географиясини янада кенгайтириб, 150 та янги иш ўринлари яратишни режалаштирмоқда.

“Ховос Сити”даги “Маданий марказ” тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотганини алоҳида таъкидлаш лозим. Эътиборлиси, вилоятда мунтазам фаолият юритиб келаётган қирғиз, қозоқ, рус, корейс, озарбайжон ва бошқа миллий маданий марказлари ўша миллат вакиллари кўпчилик бўлиб истиқомат қилаётган туман ва шаҳар ҳокимлик ва маданият уйлари билан ҳамкорликда тайёрлаган бадиий чиқишлари, ҳар бир миллатнинг ўзига хос ранг-баранг миллий таомларига иштирокчилар юқори баҳо берди. Ундан-да эътиборлиси эса кўп миллатли Сирдарё халқининг амалий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмалари ўзига хослиги билан кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.

Юртимизда йилдан-йилга умидбахш юксалиш, бунёдкорликка йўналтирилаётган эзгу мақсадлар ўз натижаларини кўрсатаётганини бугун Ховос тумани мисолида эътироф этиш мумкин. Бу ерда Ўзбекистон халқининг барча соҳалардаги интилишлари, фидойилиги, она Ватанга чексиз садоқати, буюк мустақиллигимиз ғояларига чин кўнгилдан камарбасталигини яққол ифода этилди, десак ортиқча муболағага йўйманг.

Ушбу тадбир давомида Президентимизнинг Сирдарё вилояти халқига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги, яратиб бераётган барча имконият ва шароитлари, барча соҳаларда юқори натижаларга эришишимизда, порлоқ келажак сари якдиллик ва ҳамфикрлик билан олиб бораётган самарали ва эзгу саъй ҳаракатлари, хайрли ишларининг ижобий амалга ошаётганида куч, ғайрат, шижоат ва кўтаринки кайфият бағишлайдиган яхлит томоша дастури намойишда ўзининг ёрқин аксини топаётир.

Янги йил байрами арафасида Ховос туманининг янгидан бунёд этилган марказидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Т.Худайбергенов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаевлар иштирок этди ва сўзга чиқди.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА