French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ховосда юқори технологияли жарроҳлик фаолияти бошланди
14:32 / 2025-06-18

Президентимиз ташаббуслари билан аҳолига кўрсатилаётган жарроҳлик ёрдамининг самарадорлигини ошириш, олис ҳудудларда кам инвазив ва замонавий технологияларга асосланган операция турларини кенг жорий этиш, шунингдек, хирургия йўналишидаги тиббиёт кадрларининг малакасини ошириш борасидаги вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли Ховос туман тиббиёт бирлашмасида янги лапароскопик ускуна ишга туширилди.

Аввал бундай тиббий муолажалар фақат вилоят марказида амалга оширилар эди. Бугун эса ушбу хизматнинг тўғридан-тўғри туманда ташкил этилгани аҳолига катта енгиллик яратди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу ускуна ёрдамида туман шифокорлари томонидан 54 та лапароскопик холецистэктомия, 1 та диагностик лапароскопия ҳамда 2 та оёқ ампутацияси каби юқори технологияларга асосланган жарроҳлик муолажалари муваффақият билан бажарилди.

–  Илгари беморлар вилоят марказига қатнашларига тўғри келар, навбат кутиш, оворагарчилик, ҳатто молиявий имкониятнинг чеклангани туфайли амалиётдан воз кечиш ҳолатлари ҳам кузатилар эди. Ҳозир эса шифохонамизга замонавий жиҳозлар келтирилиб, ўша мураккаб амалиётларни ўзимиз бажараётганимиз фуқароларга катта қулайлик яратди, –  дейди Ховос туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мақсатулла Нарзуллаев.

Лапароскопик ускуна муассасанинг ички маблағлари ҳисобидан сотиб олинган бўлиб, операцияларни амалга ошириш учун икки нафар шифокор махсус қайта тайёрлов курсларидан ўтиб, амалиётга жалб этилди. Операциядан кейинги тикланиш жараёнлари тиббиёт бирлашмаси қошидаги хирургия бўлимида йўлга қўйилди. Бироқ айрим тўсиқлар ҳам йўқ эмас –  хусусан, физиотерапия учун мўлжалланган жиҳозларнинг етишмаслиги даволаш жараёнида муайян чекловларга олиб келмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда туманда компьютер томографияси (МСКТ) ва магнит-резонанс томографияси (МРТ) каби муҳим тиббий ускуналарнинг мавжуд эмаслиги долзарб муаммо сифатида сақланиб турибди. Бу борада тегишли таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилган бўлиб, амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Яқин истиқболда эса Сирдарё вилоятининг энг олис нуқталаридан бири –  Ховос туманида эндоурология, ангиохирургия ва проктология йўналишидаги операцияларни ҳам жорий этиш режалаштирилган. Шу муносабат билан тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда техник инфратузилмани мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мақсатулла Нарзуллаевнинг таъкидлашича, бажарилаётган амалиётлар қоғозда эмас, балки реал ҳаётда кўзга кўринаётган натижалар билан тасдиқланмоқда. Ҳар бир операция расмий ҳисобот ва назорат орқали қайд этилиши натижасида аҳоли орасида ишонч мустаҳкамланмоқда.

Энг асосийси, мазкур янгилик кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди. Чунки бу хизматлар фуқароларни вилоят марказига қатнаб юриш машаққатларидан халос қилиб, ўз ҳудудида сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини беради.

–  Бизнинг бош мақсадимиз –  одамларни вилоят марказига қатнаб юриш заруратидан озод қилиб, ўз туманида юқори малакали тиббий хизматдан баҳраманд этиш. Бу йўналишда жамоамиз сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Ишонаманки, бу орқали соғлиқни сақлаш хизматларини янада аҳолига яқинлаштирамиз, –  дейди бош шифокор.

Хулоса қилиб айтганда, Ховос туманида ташкил этилган юқори технологияли ва кам инвазив операциялар орқали тиббий хизмат кўрсатиш сифати янги поғонага кўтарилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири