Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ховосда янги пахта тозалаш корхонаси фойдаланишга топширилди
09:24 / 2022-09-07

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги "Замон текс" пахта тўқимачилик кластери бугунги кунда илғор технологияларни қишлоқ хўжалиги ва саноатга кенг татбиқ этмоқда. Кластер жорий йилда тумандаги фермер хўжаликлари билан пахта етиштириш бўйича шартномалар тузган. Бугун мазкур кластер томонидан бунёд этилган қиймати 25 миллиард сўм бўлган пахтани қайта ишлаш корхонаси фойдаланишга топширилди.

Ишчи-ходимлар, фермерлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мажмуанинг очилиши катта шодиёнага айланди. Кластер ҳомийлиги асосида тумандаги кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг 17 нафар фарзанди учун хатна тўйлари ташкил қилинди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Ўзбекистонинг янги тараққиёт даврида кластерларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб, Президентимиз ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар дастлабки самараларини бераётганини айтиб ўтди. Хусусан, мазкур пахтачилик кластери инновацион технология ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиб, янги иш ўринларини ташкил этаётгани, енгил саноатда эса қўшимча қиймат занжирини яратаётгани айтилди.

2021 йилда қурилиши бошланган корхона бир кунда 200 тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилди.

– Келгусида корхона таркибида қиймати 23,4 миллион АҚШ долларига тенг ип калава ишлаб чиқариш, шунингдек, 9,3 миллион АҚШ долларлик мато (сочиқ) ишлаб чиқариш ва бўёқлаш лойиҳалари ҳам амалга оширилади, - дейди кластер раҳбари Ойбек Пўлатов. – Айни вақтда бино-иншоотлар қуриб битказилган.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳалар 2023 йил охирига қадар ишга туширилади. Бунинг натижасида 1 500 нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади. Маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА