Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ховосда оқила аёллар жам бўлди
13:52 / 2025-07-10

Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан Ховос туманида “Оқила аёллар” форуми бўлиб ўтди.

“Маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди” шиори остида ўтказилган тадбир хотин-қизларнинг ҳуқуқий, сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, баркамол авлод тарбиясида уларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева ҳамда Ховос тумани ҳокими Улуғбек Йўлдошев иштирок этди.

Форумда вилоят ва туман даражасида фаолият юритаётган “Оқила аёллар” ҳаракати етакчилари, маҳалла фаоллари, таълим, тиббиёт, маданият ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритаётган тажрибали мутахассис аёллар иштирок этди. Улар оилада соғлом муҳитни шакллантириш, болаларда ахлоқ ва маънавият тарбиясини юксалтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, шунингдек, уларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашди.

Форум доирасида Ховособод маҳалласида янгидан ташкил этилган “Оила ва хотин-қизлар маскани”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Форум қатнашчилари мазкур маскан фаолияти билан таништирилди. Унинг фаолияти оилалар билан тизимли ишлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган. Масканда маслаҳатхоналар, психологик ва ҳуқуқий ёрдам бурчаклари, шунингдек, маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган.

Форум иштирокчиларида кўҳна Ховос зиёратгоҳига саёҳат катта таассурот қолдирди.

– Бундай форумлар биз, аёлларни бир мақсад атрофида бирлаштиради. Улар орқали тажриба алмашиш, илҳомланиш ва билим ошириш имконига эга бўламиз, – дейди форум иштирокчиси, Гулистон шаҳри “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Раҳима Искандарова. – Бу тадбирнинг яна бир эътиборли томони шундаки ҳар бир аёлнинг фикри эшитилади.

Форум якунида хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, маърифат асосида баркамол авлод тарбиясига ҳисса қўшиш, аёллар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.  Форумда ҳар бир аёл ўз оиласи, маҳалласи ва юрти равнақи учун масъулият билан яшаши, жамият тараққиётида муносиб ўрин эгаллаши ва бошқаларга ибрат бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири