Ховос туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган устувор вазифалар туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда кенг муҳокама этилди. Тадбирда Сирдарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди ва соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш доирасида иқтисодиётнинг асосий йўналишлари — саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва инфратузилма соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда 2025 йил учун белгиланган режалар батафсил тақдим этилди. Ҳисоботларда янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган ҳаракатлар алоҳида таъкидланди.

Муҳокамаларда айниқса “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасидаги ишларга эътибор қаратилди. Унга кўра, “Қаҳрамон” ва “Гулбаҳор” маҳаллаларининг комплекс ривожланиши учун Республика бюджетидан 10 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Маблағлар ҳисобидан ободонлаштириш ишлари, замонавий хизмат ва ишлаб чиқариш объектлари барпо этиш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими тақдим этилган режаларни маъқуллар экан, барча ишлар “рақамлар учун эмас, балки одамлар ҳаётида сезиларли самара бериши лозим”лигини таъкидлади. У маҳаллаларда қурилаётган ҳар бир объект аҳоли даромадининг ўсиши, ёшларнинг касб ўрганиши ва маҳалланинг иқтисодий барқарорлигига хизмат қилиши кераклигини уқтириб, масъулларга аниқ вазифалар берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири