Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ховос даштларида интенсив боғ барпо этилди
09:28 / 2022-03-05

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фарғоналик тадбиркор-боғбон томонидан Сирдарё вилояти Ховос туманида интенсив боғ барпо этилди.

Мазкур боғ туманнинг "Мустақиллик" маҳалласидаги фойдаланишдан чиқарилган ер майдони ўрнида яратилди. Умумий майдони 273 гектарни ташкил этувчи боққа Фарғона вилояти Қува тумани тажрибаси асосида олма, беҳи, нок, олхўри каби 135 минг тупдан зиёд кўчат ўтқазилди. Барча кўчатлар шўрга чидамли бўлган беҳи кўчатининг илдизига пайванд қилинган.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев экилган кўчатларни парвариш қилиш, суғориш тизимига оид амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

– Саҳролардан иборат ҳудудда яшил майдонлар пайдо бўлмоқда, – дейди вилоят раҳбари. – Бу ернинг шароити оғир, чидашни ўзи бўлмайди. Айниқса, ҳудудда энг асосий муаммо сув ва суғориш тизими. Шунга қарамасдан жуда катта савобли ишга қўл урилибди. Ташаббускорларни қўллаб-қувватлаймиз.

Тадбиркор-боғбон Ҳалим Орзуматовнинг айтишича, бу боғнинг яратилиши нафақат экологик муаммолар, балки мазкур ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳам ҳал қилишга ёрдам беради. Келгусида ерларни субсидия ва банк кредити эвазига аҳолига бўлиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудга олиб борувчи йўл ёқасига манзарали дарахт кўчатлари экилиб, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Шуҳрат Суяров, ЎзА