Хотира бор экан миллат барҳаёт. Бугунги ёруғ ва мусаффо осмон, осуда ҳаётимизни таъминлаш йўлида букилмас ирода ҳамда жасорат намуналарини кўрсатиб, юрт тинчлиги учун жон фидо қилган мард ва жасур ота-боболаримизнинг матонатлари асло унутилмайди.
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқарув аппаратида ўтказилган маънавий тадбир ҳам, уруш йилларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ватандошларимиз хотирасини ёд этишга бағишланиб, унда халқимизнинг жанг майдонлари ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ҳамда матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш мақсадида тасвирга олинган “Ўзбек қизи” бадиий фильми ижодкорлари иштирок этдилар.

ДХХ Чегара қўшинлари, Киноарбоб уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир давомида сўз олганлар оловли жанггоҳларда ўз сабр-бардоши ва метин иродасини намоён этган ҳолда тинчлик учун курашган жасур жангчиларнинг ёрқин хотираси мангу яшашини, суронли йилларда фронт ортида фидойилик намуналарини кўрсатган меҳнаткаш халқимизнинг сабр-бардоши эса ҳар қанча эътироф ва таҳсинга сазовор эканини таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, мардонавор жасорат кўрсатган Зебо Ғаниева, Муқаддам Ашрапова, Рўза Ибрагимова, Шарофат Ишантўраева ва Раҳима Алимова каби минглаб ўзбек аёлларига бағишланган “Ўзбек қизи” фильми ҳам ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, унинг шонли ўтмиши билан таништириш борасида муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.

Кинорежиссёрлар Акбар Бектурдиев ва Баҳриддин Айназаровлар фильмни тасвирга олиш жараёнида фойдаланилган манбалар, тарихий фактлар ва уруш хроникаларининг ўрганилгани, таниқли киношунослар ҳамда ҳарбий соҳа мутахассисларининг маслаҳатларига таянилгани хусусида сўз юритган бўлсалар, актёрлар Айсанем Юсупова, Феруза Саидова ва Ҳусан Алижоновлар тарихий-ҳарбий жанрдаги фильмда суратга тушиш бирмунча машаққатли бўлгани, бунинг учун улардан катта тайёргарлик талаб этилганини гапириб бердилар.
- Кино санъати – кўплаб санъат турларини ўзида мужассам этган синтетик санъат тури ҳисобланади. Биз ижодий жамоамиз билан биргаликда фильм воқеаларини имкон қадар реал вазиятларга мос ҳолда тасвирга олишга ҳаракат қилдик. Менимча жанг саҳналари жуда ишонарли чиққан. Бундай фильмларни тасвирга олиш ва юртдошларимизга намойиш этиб боришимиз керак. Чунки, келажак авлод ўтмишни, тинчлик учун фидо этилган жонларнинг заҳматини нечоғлик яхши билса, бугунни қадрлашни, осойишталикнинг қийматини янада теранроқ англашни ўрганади.
Шу маънода айни дамда ўтказилаётган давра суҳбати ҳам жуда катта аҳамиятга эга, - дейди фильм постановкачи рассоми Акмал Саидов.
Ижодий жараёнлар ҳақидаги савол-жавобларга бой тарзда ўтган суҳбат давомида, Чегара қўшинлари ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва ўзбек миллий рақслари ҳам йиғилганларга манзур бўлди.

Тадбирда, мустақиллик йилларида ўз хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамон ўғлонларнинг жасорати ҳам ёд этилиб, барча фидойилар хотирасига бир дақиқа сукут сақланган ҳолда ҳурмат бажо келтирилди.
Шундан сўнг, “Ўзбек қизи” фильмининг намойиши бошланди. Таъкидлаш керакки, урушнинг вайронкорлиги-ю, даҳшатини намойиш этиб берган ушбу фильм, барчани бирдек тўлқинлантира олди.
– Жуда қаттиқ таъсирландим. Ўзбек қизининг кўрсатган жасорати ишонарли тарзда акс эттирилган. Ўзим ҳам ҳарбийман ва бундай матонатли аёлларимизнинг қаҳрамонликлари биз учун катта ибрат. Албатта, тинчлик, озодлик ва ор-номус учун тўкилган қонлар, берилган жонлар асло изсиз кетмайди. Уларнинг руҳи, шон-шарафга бурканган эзгу ишлари тилдан-тилга, дилдан дилга ўтиб, бизга ҳамиша куч-мадад, шижоат ва илҳом бағишлайверади, – дейди майор Садоқат Шомуродова.
Шу куни меҳмонлар Чегара қўшинлари тарихи музейида ҳам бўлиб, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кеча ва бугунни қиёсий таққословчи экспонатлар ҳамда тарихий ашёлар билан яқиндан танишдилар.
Майор Фарида Бобожонова
ДХХ Чегара қўшинлари