Биз “Амир Темур” деганда кўз олдимизга қандай сиймони келтирамиз? Соҳибқироннинг кўзимиз ўрганган, бизга боқиб турган ўктам ва салобатли нигоҳини мўйқаламда акс эттирган ижодкор ким? Бу саволга жавоб битта – бу Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиевдир. Инсоният тарихида шундай ижодкорлар бўладики, улар нафақат санъат асари яратади, балки халқнинг тарихий тасаввурини шакллантиради. Бу йил таваллудининг 110 йиллиги нишонланаётган устоз рассом Малик Набиев (1916–2008) ўзининг қарийб бир асрлик умри давомида айнан шундай вазифани бажарди – у ўзбек халқига ўз буюк аждодларининг “жонли” қиёфасини ҳадя этди.
Йигирманчи асрнинг ўрталарида, ҳали миллий ўзликни англаш туйғуси бугунгидек юксалмаган бир даврда тарихий мавзуларга қўл уриш катта жасорат ва чуқур билимни талаб қиларди. 1916 йилда Тошкентда туғилган ва илк сабоқни Баҳром Ҳамдамий каби устозлардан олган Малик Набиев ижодий йўлининг бошиданоқ ўзини шунчаки тасвирчи эмас, балки тадқиқотчи сифатида намоён қилди. Унинг ижодига назар ташланса, ҳар бир портрет ортида йиллаб давом этган изланишлар таҳлили ва илмий экспедициялар турганини кўриш мумкин.
Рассом ижодининг чўққиси бўлмиш Амир Темур образи бунинг яққол далилидир. 1994 йилда яратилган ва бугунги кунда Соҳибқирон қиёфасининг эталони сифатида қабул қилинган машҳур портрет бир кунда ёки бир илҳом пайтида дунёга келмаган. Бунинг учун мусаввир эллик йилдан ортиқ вақт давомида руҳий ва илмий тайёргарлик кўрди. Малик Набиев учун бу мавзу шунчаки буюртма эмас, балки тақдирнинг ўзига хос чақириғи эди. У 1941 йилда Амир Темур мақбараси очилганида ва антрополог М.Герасимов Соҳибқирон бош суяги асосида илк реконструкцияни амалга ошираётганида бевосита гувоҳ бўлган. Ўшандаёқ ёш рассом қалбида буюк саркарданинг ҳаққоний, халқ руҳига мос образини яратиш нияти туғилган эди.
Тарихий ҳақиқатни тиклаш йўлида Малик Набиев тиним билмади. У “қўлида мўйқалам тутган олим” каби Ҳиндистоннинг Калкутта ва Бомбей, Эроннинг Теҳрон ва Исфаҳон, Туркиянинг Истанбул ва Измир музейларини кезиб чиқди. Британия музейидаги Камолиддин Беҳзод миниатюраларидан тортиб, Франция ва Испания кутубхоналаридаги ноёб манбаларгача синчиклаб ўрганди. Турли давр ва маданиятларда – хоҳ бобурийлар миниатюрасида бўлсин, хоҳ усмонлилар солномаларида бўлсин – Амир Темур турлича тасвирланган. Малик Набиевнинг даҳоси шундаки, у мана шу хилма-хил тарихий чизгиларни, Герасимовнинг илмий реконструкциясини ва шарқона миниатюра назокатини Европа реалистик мактаби билан уйғунлаштира олди.
Натижада дунёга келган асар томошабинни ўзига сеҳрлаб қўяди. Портретда олтин тож кийган, нигоҳи бир нуқтага қадалган, жиддий мушоҳада юритаётган ҳукмдор акс этган. Рассом Темурнинг юзидаги ҳар бир чизиққа маъно юклаган: бироз кўтарилган қошлар ва чимирилган пешона унинг доимий фикрлаш жараёнида эканлигини, давлат тақдирига дахлдор оғир ўйларни кечираётганини англатади. Юзидаги буғдойранг тус ва тиришлар кексалик аломати бўлса-да, тик қомати ва елкаларининг кенглиги унинг вужудидаги сўнмас ғайрат ва куч-қудратдан дарак беради. Айниқса, қилич дастасига қўйилган йирик, томирлари бўртиб чиққан қўллар тасвири ишонарли чиққан – бу қўллар дунё харитасини ўзгартирган қўллардир. Орқа пландаги Самарқанд манзараси ва нақшинкор интерьер эса унинг бунёдкорлик моҳиятини очиб беради.
Малик Набиевнинг яна бир улкан ғалабаси – бу Абу Райҳон Беруний сиймосининг яратилишидир. Тарихда сурати сақланмаган алломанинг қиёфасини тиклаш бўйича 1949 ва 1973 йилларда ўтказилган иккита йирик халқаро танловда ҳам айнан Малик Набиев ғолибликни қўлга киритгани бежиз эмас. Унинг чизган Берунийси ЮНЕСКОнинг нуфузли журнали муқовасида чоп этилиб, жаҳон илм-фанида алломанинг рамзий қиёфасига айланди. Портретда рассом олимнинг ташқи кўринишидан кўра, унинг ички дунёсини – илмга бўлган чексиз ташналиги ва тафаккур қудратини асосий планга олиб чиққан. Китоблар ва илмий ускуналар қуршовидаги Берунийнинг нигоҳида бутун борлиқ сирларини англашга интилиш мавжуд.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур образи устида ишлаш жараёнида ҳам рассом анъанасига содиқ қолиб, шоир излари қолган Афғонистон ва Ҳиндистон тупроқларига сафар қилди. У Бобурнинг мураккаб тақдирини, шоҳлик ва шоирлик, ватан соғинчи ва ҳукмдорлик масъулияти ўртасидаги зиддиятни ранглар орқали ифодалай олди. Портретдаги Бобурнинг кўзларида “Кўпдан бериким ёру диёрим йўқдир...” сатрларидаги мунг ва изтироб акс этган. Бу шунчаки тарихий шахс сурати эмас, балки инсон руҳиятининг чуқур психологик таҳлилидир.
Рассом ижоди фақат якка портретлар билан чекланиб қолмаган. У “Спитамен қўзғолони”, “Самарқанд ҳунармандлари қўзғолони” каби кўп фигурали композицияларида халқнинг озодлик учун курашини эпик кўламда тасвирлади. Бу асарларда тарихий воқелик, либослар, қурол-аслаҳалар ва муҳит шу қадар аниқ ишланганки, томошабин ўзини ўша давр ичида ҳис қилади.
Малик Набиевнинг ҳаёт йўлига назар ташлаб, бир ҳақиқатни англаш мумкин: у ўз бахтини топган ижодкор эди. Бугун биз тарихга юзланар эканмиз, буюк аждодларимизни Малик Набиев кўзлари билан кўрамиз. Рассом мўйқалами билан яратилган бу образлар тарихнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА