Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотира: Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева таваллудига 95 йил тўлди
07:59 / 2025-08-14

Ватанимиз тарихидаги 14 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1394 йил (бундан 631 йил олдин) – темурийлар хонадонида шаҳзода Иброҳим султон дунёга келди. Сароймулкхоним яна бир набира туғилгани муносабати билан Амир Темурдан суюнчи олди. Амир Темур ҳозирги Туркиянинг Мингкўл шаҳри (хозирги Бинбиёл шаҳри)далигида ўғли Шохрухнинг иккинчи фарзанди шаҳзода Иброҳимнинг туғилганлигини эшитиб, шу воқеага бағишланган тўй берган. Беклар Соҳибқиронни шаҳзода билан муборакбод қилишгандан сўнг тўй тантаналарини ўтказишга ҳукм қилди. Муаррих Шарафуддин Али Йаздий ёзганидек: “Ҳар неким керак бўлса, муҳайё қилсунлар!”, саропардалар била боргоҳлар тиктуриб, тўйга машғул бўлдилар”.

1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Туркистондаги оғир аҳволни ҳисобга олган Қизил Армия бош қўмондонлиги Шарқий фронтнинг жанубий қисмида алоҳида Туркистон фронти ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди ва унга Фрунзе қўмондон этиб тайинланди. Тарихчи Дилшод Комоловнинг қайд этилишича, Туркистон фронти таркибида Туркфронт ҳарбий трибунали иш бошлади.

1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Бухоро республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси сессияси томонидан Бухоро Халқ Совет Республикаси Конституциясига аҳолининг маълум гуруҳларини сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилувчи ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, катта-кичик савдогарлар, собиқ амалдорлар сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилди.

1930 йил (бундан 95 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева таваллуд топди (вафоти 2019 йил). У ўзи яратган образларда турли тоифадаги хотин-қизлар ҳаёти, уларнинг қисмати, жасорати ва олижаноблигини мужассамлантирди. Кей (М. Каору, “Ўғирланган умр”) образи Яйра Абдуллаева ижодининг чўққиси бўлиб, у япон аёлининг машаққатли ҳаёт йўлини, тақдирини психологик теранлик ва изчиллик билан очиб берди. У овоз, имо-ишора, киноя ва бошқа ифода воситаларидан усталик билан фойдаланди. Яйра Абдуллаева 1998 йилда “Дўстлик”, 2011 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.

1937 йил (бундан 88 йил олдин) – шоир, публицист Тавалло “Турон”, “аксилинқилобий” “Миллий иттиҳод” ва бошқа ташкилотларнинг аъзоси бўлганликда, “шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган”ликда айбланиб, қамоққа олинди. У 1937 йил 10 ноябрда НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) қошидаги “учлик” ҳукми билан отиб ташланган. Кейинчалик 1968 йил 18 октябрда оқланган.

1959 йил (бундан 66 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг буйруғи билан Тошкент давлат консерваториясида 25 ўринли, Тошкент театр ва рассомчилик институтида 35 ўринли кечки бўлим очилди. Натижада мусиқа олийгоҳларида кечки бўлимларда ҳам мутахассислар тайёрлана бошлади.

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Украина Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди. 

1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика боғдорчилиги ва узумчилигида илм-фанни ишлаб чиқариш билан интеграциялашни чуқурлаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олимпия шон-шуҳрати музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА