Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотира: Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурхонов таваллудига 115 йил тўлди
07:47 / 2025-09-15

Ватанимиз тарихидаги 15 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1404 йил (бундан 621 йил олдин) – испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон Амир Темур Самарқанддаги бир ажойиб боғда зиёфат берди. Аммо Клавихо бу боғнинг номини ёзмаган бўлса-да, унинг гўзаллигини яхши тасвирлаган. Жумладан, боғдаги Соҳибқирон ўтирадиган хона деворларига пуштиранг шойи матолардан пардалар тутилиб, уларга зумрад, марварид ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган. 

Унинг ўртасида олтиндан ишланган иккита столлар қўйилиб, уларнинг устига еттита олтин кўра (идиш) қўйилган. Кўраларнинг иккитаси йирик марварид, зумрад ва ферузалар билан безатилган. Ҳар бирига зиҳича ёқут ёпиштирилган. Бундан ташқари, стол устида олтила олтин коса қўйилган. Улардан бирининг ичи йирик, оппоқ марваридлар билан безатилган. Косанинг ўртасига йўғонлиги икки бармоқ келадиган тиниқ рангдаги оқ ёқут ёпиштирилган.

1563 йилда (бундан 462 йил олдин) – Жўйбор хожаларининг машҳур намоёндаси, Бухоро шайхулисломи Хожа Ислом 73 ёшда вафот этди (баъзи манбаларда хожанинг милодий ҳисоб билан 15 октябрда вафот этгани ёзилган). Хожа Исломнинг катта ўғли Маҳсумзода (руҳонийларнинг ўғилларини маҳсум; кичигини эса маҳсумча лақаби билан атар эдилар) Хожа Саъдиддин бўлажак Бухоро хони Абдуллахонни ва бутун ҳоким, султонлар ва зодагонларни жанозага таклиф қилади.

Абдуллахон Коракўл вилоятида ов қилаётган эди. У ва бошқа аёнлар Сумитон мавзесига Хожа Ислом жанозасига етиб келадилар. Жўйборий Хожа Ислом жасади Абу Бакр Саъднинг қибла томонида, яъни Ислом Хожанинг бош томонн унинг кўкрагига тўғри қилиб дафн қилинади. Хожа Муҳаммад Ислом саховатли ва мурувватли инсон бўлгани учун Бухоро халқи томонидан “Қутбул ғавс” (“Мададкор қутб”), яъни авлиё деб эъзозланган. 

1576 йил (бундан 449 йил олдин) – аштархонийлар давридаги ҳарбий-мулкдор зодагонларнинг йирик вакили, 1626 йилдан Самарқанд ҳокими бўлган Ялангтўшбий Баҳодир таваллуд топди (вафоти 1656 йил). У мамлакатда хондан кейинги энг бадавлат шахс бўлган. Ялангтўшбий ободончилик, қурилиш ишларига катта эътибор берган, жумладан, Самарқандда Шердор мадрасаси, Тиллакори мадрасаси, Махдуми Аъзам масжиди, хонақоси ва бошқаларни қурдирган.

1859 йил (бундан 166 йил олдин) – тарихчи Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқандийнинг ёзиб қолдиришича, шу куни ой тутилиши юз беради. “Тарихи жаҳонамой” асарида бу воқеа қуйидагича тасвирланади: “1276 йилнинг муҳаррам ойининг ўн олтиси оқшоми ой тутилиши рўй бериб, ойнинг тамоми сатҳини қамраб олди ва уч соатга яқин олам нужуми қоронғу бўлиб, барча кичик-катта зор ва тазарру билан жаноб малики маннон сари юзландилар ва дуо ижобатини қабул нишонига етказгач, ой юзи кам-кам очилиб, зулмат олами равшанликка айланди”

1904 йил (бундан 121 йил олдин) – Тошкентда умумий фойдаланиш учун 300 рақамли дастлабки коммутаторли станция ишга туширилди. Мазкур шаҳарда телефон алоқалари 1887 йилдан ишлай бошлаган эди. 1914 йилда Тошкент телефон тармоқоари 942 (5 телефон автомат) абонентга хизмат кўрсатган. 1915 йилда Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида сиғими 60 абонентга мўлжалланган ёрдамчи станция қурилди. 

1910 йил (бундан 115 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурхонов таваллуд топди (вафоти 1987 йил). У 1928 йилдан Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да ишлаган. Шукур Бурхонов Шоҳ Эдип роли билан саҳнада катта из қолдирди. Ҳамлет образида эса қайноқ қалбли, жўшқин, қудратли инсон сифатидаги фазилатларни моҳирона талқин этди. У ўзбек кино санъати тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшди. Шукур Бурхонов, вафотидан сўнг, 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган. 

1930 йил (бундан 95 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Совети бошланғич умумий мажбурий таълимга ўтиш тўғрисида декрет чиқарди. Шу тариқа, Ўзбекистонда қадим замонлардаёқ таълим тизими кенг тармоқ ёйган бўлишига қарамай, умуммиллий миқёсда умумий таълим расман жорий этилди.

1939 йил (бундан 86 йил олдин) – Катта Фарғона канали ҳашар йўли билан қуриб битказилди. Уни қуриш ишлари 1 августда бошланган эди. Бу ҳақда И.Тўхтасинов шундай ёзган эди: “Катта Фарғона канали ҳақида кўп мақтовлар айтилади. Ёзилади, Миллий қаҳрамонлик! Кўз кўрмаган кўтаринкилик! Оммавий меҳнатнинг шон-шавкати! Афсонавий баҳодирлик! Ҳа, аслида, ҳам шундай бўлган эди. Содир бўлган қийинчиликлар-чи? Мураккаб муаммолар-чи? Ташкилий масалалар-чи? Ўйлаб кўринг, тарихда 160 минг кишилик тинч қурилиш армиясига ким раҳбарлик қила олган? 45 кунда 270 километр канал қазиб тугатилган! Қурувчилар ихтиёрида нималар бор эди ўзи? 11881 та арава, 7205 та кўтарма замбил-ғалтак. Асосий қурол – кетмон”.

1941 йил (бундан 84 йил олдин) – Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги раҳбарияти топшириғи билан “Маҳмуд Торобий” опера-либреттосини ёзишни бошлади. Асар ўша йилнинг 10 октябрида якунланди. Ойбек 25 кунда 6 пардали опера-либретто (кейинчалик драматик достон тарзида эълон қилинган асар)ни ёзиб тугатди.

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали орқали ҳар куни ярим соат давомида инглиз тилида “Жаҳон тармоғи” янгиликларини бериб бориш йўлга қўйилди.

1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Москвада Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон билан Чили ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Протокол имзоланди.

2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Тошкентнинг “Туркистон” саройида биринчи марта эстрада санъатининг барча йўналишлари бўйича қўшиқ ва куйлар тақдимот фестивали – “Олтин ҳумо” ўтказилди.

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА