Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотира – муқаддас: жиззахлик фахрийлар пойтахтимиздаги Ғалаба боғини зиёрат қилди
16:06 / 2021-05-06

9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан Жиззах вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан бир гуруҳ фахрийларнинг пойтахтимиздаги Ғалаба боғига зиёрати ташкил этилди.

 Фахрийлар боғда кўп миллатли Ўзбекистон халқининг иккинчи жаҳон урушида кўрсатган мардлик ва жасорати, фронт ортидаги матонат, инсонпарварлик намуналари, буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси абадийлаштирилган ёдгорликларни зиёрат қилди.

Ғалаба боғи сайри ҳақиқий инсоний садоқат ва ватанпарварлик рамзи бўлган «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишдан бошланди. Ёдгорлик пойига гуллар қўйилиб, ҳурмат бажо этилди.

Ўтганлар хотирасига ҳурмат тарихий ашёларда, суратларда, ҳужжатларда муҳрланган «Шон-шараф» давлат музейидаги экспозициялар бу ерга келувчиларни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, катта авлод вакилларига музей экспонатлари орасида бевосита дахлдор бўлганлари кўп. Чунки бугунги меҳнат фахрийлари орасида болалиги уруш даврига тўғри келган, уларнинг оталари, яқинлари Ватан ҳимоясида қатнашганлари бор.

Меҳнат фахрийларининг боғдаги сайри давомида улардан бири – Юрий Старожук мажмуадаги «Шон-шараф» музейи барпо этилишида ўзи совға қилган экспонатларни – отаси ҳаёти ҳақидаги оилавий ёдгорлик буюмларини кўриб, кўзёшларини яширмади.

Меҳнат фахрийси Юрий Владимирович Старожук Ғалаба боғида барпо этилаётган музейга ўзи сақлаб келаётган 13 номдаги ноёб ёдгорликлар коллекциясини топширган эди. Бугун у оиласи, отаси ҳаёти билан боғлиқ бу ёдгорликлар музей экспонатлари орасидан муносиб ўрин олганини кўрди.

– Отам Владимир Акимович Старожук иккинчи жаҳон урушининг бошидан охиригача қатнашиб, кўрсатган жасорати учун кўплаб жанговар орден ва медаллар билан мукофатланган, – дейди Юрий Владимирович. – Урушдан сўнг тинч қурилиш ишларида Ўзбекистонда халқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган. Пенсияга чиққач умрининг охиригача Жиззах шаҳар уруш фахрийлари кенгаши раиси сифатида ватанпарварликни, тинчликни тарғиб қилиш ишига ҳиссасини қўшди. Музейда отамнинг орден ва медаллари, ҳужжатлари, фотосуратларини кўриб, қалбимдаги ҳаяжон ва фахрланишни ифода этишга сўз тополмадим. Бу музейга келган мен каби минглаб кишилар ана шундай туйғуни – Ватанга муҳаббат, урушга нафратни қалбидан ўтказади.

Жиззахлик фахрийларнинг Ғалаба боғи сайри давомида мажмуа илмий ходимлари, уруш фахрийлари, жамоатлик фаоллари билан учрашувлар, суҳбатлар бўлиб ўтди. Суҳбатларда инсон бор экан, хотира муқаддас ва мангу эканлиги, бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳар бир киши унутилмаслиги таъкидланди.

 Т.Бекназаров,

ЎзА