Бухоро давлат университетида маърифат, тарихий хотира ва илм-фанга бўлган юксак эҳтиромни ифода этувчи маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирлар миллий маънавият, илм ва таълим уйғунлигини мустаҳкамлаш, тарихий меросга ҳурмат руҳида ёш авлодни тарбиялашга қаратилди.
Тадбирлар доирасида буюк жадид ва маърифатпарвар Абдулла Авлоний хотирасига бағишланган илмий-тақдимот ташкил этилди. Унда жадидлар меросини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий-маърифий ғояларини ёшлар онгига сингдириш масалалари муҳокама қилинди. Илмий-тақдимотда Абдулла Авлонийнинг муносиб вориси Жамшид Авлоний, АҚШнинг Техас университети профессори Анвар Заҳидов, Кореянинг Сежонг университети етакчи олими Суклюн Хонг иштирок этиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Меҳмонлар “Қатағон қурбонлари” хотира музейида бўлиб, тарихий хотирани асраш, уни келажак авлодга етказиш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Музей фаолияти меҳмонлар томонидан юксак баҳоланди.
[gallery-26850]
Тадбирлар доирасида, шунингдек, университет тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк тарихчи олим, академик Сулаймон Иноятов хотирасига бағишланган махсус хона тантанали равишда очилди. Ушбу маскан илмий салоҳият, устоз-шогирд анъаналари ва маънавий мероснинг рамзи сифатида эътироф этилди.
– Бухоро давлат университетида тарихий хотира, маърифат ва илм-фан бир-бири билан уйғун ҳолда ривожланаётганини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Бу ерда жадидлар меросига, буюк алломалар хотирасига бўлган юксак эҳтиром келажак авлод учун мустаҳкам маънавий пойдевор яратади. Бундай ташаббуслар нафақат университет, балки бутун жамият тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга, – дейди АҚШнинг Техас университети профессори Анвар Заҳидов.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат) ЎзА мухбирлари.