Таниқли шоир Ўткир Раҳматнинг янги "Хотира! Кўнгилга нур келтир мудом..." номли шеърий асарини сизга тақдим этмоқдамиз.
Шоирнинг "Ирмоқ", "Соғинч", "Жилға", "Райҳон ҳиди", "Шукрона", "Кўзим қорачиғи", "Ой ёғдуси", "Эй, умри азиз...", "Хаёл ифори", "Юракдаги қуш", "Дилчироқ" (Танланган асарлар, 2010), "Хокисор майса", "Ўтли руҳ" каби шеърий тўпламлари адабиёт ихлосмандларига яхши таниш .

ХОТИРА! КЎНГИЛГА НУР КЕЛТИР МУДОМ...
Хотира — минг ямоқ кўнгилга малҳам,
Суянар оламинг таскинга гўё.
Ҳасратинг оралаб кезар шодлик, ғам,
Оғуши ичида беш кунлик дунё...
Ёд олсанг ногаҳон уйғонар титроқ,
Олис-олислардан келар мунгли куй.
Йилт этиб қалбингда ёнади чироқ,
Борлиғинг эгарлаб олар хомуш ўй...
Хаёлан чавандоз каби от солиб,
Ўша дамлар сари еласан сассиз.
Хотира бағрида бир муддат қолиб,
Соғиниб эслайсан уларни ёлғиз...
Ўртада оловдай ёнади фироқ,
Кенгликлар бағрида тугамас тилсим.
Умрнинг шиддати кўринмас бироқ,
Чорасиз қолганда нима ҳам қилсин?!
Қаҳрли йилларнинг зуғуми оғир,
Унинг на инсофи, на раҳми бордир.
Шу она замин деб жон берди ахир,
Ўзини бахш этган не-не баҳодир...
Жангларга кузатган она кўз ёши,
Ўтган вақт қошида титраб тургандек...
Синмоқ не билмаган метин бардоши,
Руҳ каби атрофда кезиб юргандек...
Келиннинг қўлидан чой ичмай саҳар,
Куёвлик онларин айлаган етим...
Темир йўл бекатдан кузатган шаҳар,
Тутунлар ичида еган ич-этин...
Фарзандлар доғини кўтарди аранг,
Бирор уй қолмади мотам тутмаган.
Беомон кечарди узоқларда жанг,
Кунларки аёвсиз... ҳеч ким кутмаган...
Ўқ-олов остида қолган гуноҳсиз
Кексалар, болалар мададга илҳақ.
Уй-жойи вайрона, йўқолган изсиз,
Шунчалик бўларми бу уруш бадбахт?!
Эй, она диёрим,
Бағринг бунча кенг,
Уларга бахш этдинг ҳатто жонингни.
Бошпананг тўридан жой ажратиб тенг,
Баҳам кўрдинг ҳатто бурда нонингни...
Не кунлар ўтмади инсон бошидан,
Неча шомлар келди, неча тонг отди.
Юраклар зирқираб кўзлар ёшидан
Яқину дўстларни жангда йўқотди...
Бири ота эди, у бири ака,
Бири она, опа, ука ё сингил.
Ҳар бири жон қадар эди юракка,
Эсласа, зор қақшаб йиғлар бу кўнгил...
Кўтармоқ осонмас, оғир мусибат —
Фашизм балоси солган изтироб.
Бошларга келтирди мислсиз кулфат,
Бу дардлар сиғмайди бўлса минг китоб...
Улардан қолгани шу замин, осмон,
Кенгликлар бағрида дала-дашт яшнар.
Унутилиб кетмас у кунлар ҳамон,
Бир умр хотирда, юракда яшар...
Бир лаҳза тўхтамас вақтнинг бўрони,
Чанг-ғубор қолдирар қадим ҳаётга.
Машаққату дарднинг оғир сурони
Муҳрлар ўзини абадиятга...
Мудрамоқ вақтимас,
Бефарқлик ёмон,
Осмондан тушмаган бу кунлар ахир.
Дарёдек чайқалиб турибди замон,
Ўйлагил, ўйлагил барчасин бир-бир.
Жадид боболарнинг айтгани каби —
Бўлса гар тил, фикр, ишларда бирлик.
У билан яшаса ҳар кимнинг қалби,
Ватанда абадий яшнайди ҳурлик!
Жонажон Ватаним!
Омон бўл мудом,
Эъзозлаб кўтаргил қадр-қимматни.
Эзгулик гуллари унажак бу дам,
Қалбларга нақш айла гўзал ҳимматни.
Замондош!
Сен фахр қилсанг арзийди,
Бу улуғ кунларда толеинг кулган.
Сенинг-ла баробар юраман дейди,
Шарафга интилган, шонга интилган!
Бахт бор!
Келажакка аталган ишонч,
Йўлбошчинг бошлаган йўлларда бахт бор!
Бахт бор!
Шодлик берган кўзлардаги ёш,
Дуога очилган қўлларда бахт бор!
Халқ билан бўл, чайқал, тур энди, отлан,
Эрк илмин унутма, қалбга қулоқ сол.
Олға юр руҳингда ўчмас сабот-ла,
Аммоки ўтмишдан дарс ол, сабоқ ол!
То унут бўлмасин ул қалблар ёди,
То эзгулик йўли бўлсин бардавом.
То зулмат тутмасин инсон ҳаётин,
Хотира!
Кўнгилга нур келтир мудом!
Хотира!
Дилларга нур солгил мудом...
Ўткир Раҳмат
ЎзА