Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир
11:10 / 2023-05-09

9 май. Бухоро шаҳридаги Хотира майдони ҳар доимгидан гавжум. Бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, таълим муассасалари раҳбар-ходимлари, нуронийлар, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлган.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди ва Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Мотамсаро она ҳайкали пойи вилоятдаги ташкилот ва идоралар, бошқармалар, жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан қўйилган гулларга бурканди.

Инсоният тарихидаги энг қирғинбарот урушда мамлакатимиздан 1,5 миллион киши қатнашган бўлса, 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлганини, қанчаси бедарак кетганини, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтганини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг халқимиз фашизм балосига қарши курашда катта ҳисса қўшганини англайсиз. Биргина Бухоро вилоятидан 55 мингдан зиёд киши урушда иштирок этган. Афсуски, уларнинг 27 мингдан ортиғи Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган. Қабрлари қирғинбарот жанглар кечган ўлкаларда қолиб кетган. Бугунги авлодлар учун Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб юртдошларимизнинг номи ҳам, жасорати ҳам маълум ва ҳеч қачон унутилмайди.

Шунинг учун уларнинг номи мана шу майдондаги “Хотира китоби”га зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрланган. Мажмуага келган ҳар бир ватандошимиз уни варақлайди, унда битилган исмларни ўқий туриб, жасорат, матонат ҳеч қачон унутилмаслигини, юксак қадрланишини дилидан ўтказади.

[gallery-11810]

Зеро, Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз — Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Бинобарин, хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат), УзА