Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотира билан миллат барҳаёт
12:48 / 2021-04-27

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Тинчлик, осойишталик, хотиржамлик  инсониятнинг мазмунли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган энг буюк неъматлардир. Инсоният тарихига назар ташласак, бу неъматлар учун қанчадан-қанча жонлар фидо бўлганига, мисли кўрилмаган ҳаракатлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Биргина Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига катта кулфат ёғдирган, минглаб оналарни фарзанд доғида куйдирган, болаларни етим, аёлларни эса бева қолдирган қирғинбарот бўлгани билан тарихга муҳрланган. Бу урушда  ўзбек ўғлонлари ҳам она Ватан тинчлиги, осойишталиги, фарзандларнинг осуда эртаси учун қонли жанг майдонларига отланиб, катта жасорат кўрсатди. Паҳлавондек йигитлар жанг майдонида, меҳнаткаш, инсонпарвар бутун ўзбек халқи эса фронт ортида юрт сарҳадлари осойишталиги йўлида чин маънода жанг қилди.  

Ўзбекистон халқи ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди.  

Барчамизга маълумки, букилмас ирода ва мардлик намоён этиб, бугунги тинч-осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган. Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш борасида ҳар йили муайян ишлар амалга ошириляпти. Умуман, Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамимизга айланди.  

Ушбу анъана жорий йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган қатор чора-тадбирлар асосида қизғин давом эттирилади. 2021 йил 20 апрель куни қабул қилинган мазкур қарорга кўра, бу йилги байрам тадбирлари “Хотира бор экан – миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида юқори савияда ўтказилади.  

Дарҳақиқат, ушбу шиорлар замирида теран маъно-мазмун мужассам. Инсон бор экан, хотира муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳар бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди. Демак, миллатнинг миллат бўлишига ҳисса қўшган буюк зотлар, фидойи қаҳрамонлар доимо эсга олинар, хотирланар экан, бу миллат абадий яшайди, барҳаёт бўлади.  

“Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч”. Сувдек оқиб ўтиб бораётган умримиз давомида инсонийлик хислати онгимизга, қалбимизга янада чуқурроқ кириб боради. Инсоннинг инсонга меҳр-эътибор кўрсатиши, ғамхўр бўлиши, унинг қадрини билиши, кўнглига малҳам излаши инсонийлик белгиларидандир. Ватанимиз тинчлиги учун қонли жангоҳларда душманга тик бориб, қаҳрамонлик кўрсатган, фронт ортида туну кун тинмай меҳнат қилиб, суяги меҳнатда қотган фахрийларимизни, мустақиллик йилларидаги тинчлик посбонларимизни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш замондошларимизнинг инсонийлик бурчидир. Бу йил ўтказиладиган байрам тадбирлари шиорлари замирида ана шу каби маъно-мақсадлар мужассам, назаримда.

Президентимиз қарорида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш вазифалари белгиланган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини йўлга қўйиш назарда тутилган. Бу каби чора-тадбирлар инсонийлик, меҳр-оқибат, эътибор ва ғамхўрлик намуналарини ўзида мужассам этади.

Қадди дол Мотамсаро она

Пойтахтимиз марказида жойлашган Хотира майдони ҳамиша юртдошларимиз ва хорижий меҳмонлар билан гавжум. 1999 йилда ташкил этилган мазкур майдонда қадди дол Мотамсаро она сиймоси ҳамда уруш қурбонларининг номи зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган темир “дафтар” бу ерга келган ҳар бир инсон қалбида Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини уйғотади. Ҳар гал ушбу масканга келар эканман, майдон тўрида хомуш ҳолда, қадди букилиб ўтирган онаизор сиймосига қараб, унинг нурсиз, аммо фарзанди жонидан умидини узмаган умидвор кўзларига қараб юрагим бир энтикиб кетади. Ватан ҳимояси учун шайланган минглаб ўғлонларнинг минглаб дилхун оналари сиймосини ўзида жамлаган Мотамсаро она ҳамиша ташриф буюрувчиларнинг қалбини ўрташи аниқ. Майдондаги темир “дафтар”лар ҳудудларга бўлинган ҳолда метин иродали қаҳрамонлар ҳақида сўзлайди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, мустақиллик йилларида чоп этилган 35 жилдлик “Хотира” китобида ҳам Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ватандошларимиз ҳақида батафсил маълумотлар жамланган.

Бу каби Хотира майдонлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида бунёд этилиб, урушда ҳалок бўлган ватандошларимизни хотирлаш, уларнинг руҳини шод қилишга хизмат қиладиган сўлим масканга айланган. Улар нафақат Хотира ва қадрлаш куни арафасида, балки йил-12 ой давомида зиёратчилар билан, уруш қаҳрамонларининг навқирон авлодлари билан гавжум бўлади. Бу майдонлардан замондошларимиз қадами узилмаслиги хотира муқаддаслигининг, хотира билан миллат доимо барҳаёт эканлигининг намоёнидир.

“Ғалаба боғи”да бир кун...

Йиллар ўтгани сари қонли жангоҳларда жасорат кўрсатган ота-боболаримиз қадри ортиб, хотираси абадийлашиб бораверади. Уларнинг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ўзида намоён этувчи, янги авлод вакилларини ватанпарварлик, юртга садоқат, ўтганлар хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи масканлар сарҳади ҳам кенгаяверади. Ана шундай масканлардан бири “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда унинг ҳудудида “Шон-шараф” давлат музейи бунёд этилган эди.  

“Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг умумий майдони 14,6 гектар. Мажмуа рамзий 12 та ҳудудга бўлинган бўлиб, кириш қисми, урушнинг даҳшатли қиёфаси, марказий хиёбон, ҳарбий техникалар майдончалари, темир йўл вокзали, фронт орти ҳудуди, амфитеатр ва маъмурий бино, мотам ва андуҳ ҳудуди, шоду хуррамлик ҳудуди, ғалаба ҳудуди, “Шон-шараф” давлат музейи ва шукроналик ҳудудидан ташкил топган.  

“Шон-шараф” давлат музейининг юқори қисмида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 301 нафар қаҳрамонлар шарафига “Мангу жасорат” деб номланган мажмуа барпо этилган. Бу ердаги афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов ва бошқа жангчиларнинг ҳайкаллари барча ўзбекистонлик уруш иштирокчиларининг сўнмас хотирасини, матонати ва жасоратини ўзида ифода этган. Ушбу  мажмуа Ватанимизнинг мард ва жасур, сабр-матонатли, ботир саркардаларидан фахрланиш, уларнинг жасоратидан, ватанпарварлигидан ибрат олиш ҳиссини, фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

“Мангу жасорат” мажмуасига айланма йўл орқали кўтарилар экансиз, энг юқорисидан туриб бутун боғ манзарасини томоша қилиш мумкин. Бир томонда уруш майдонларида хизмат қилган самолёт ва танкларнинг намуналари, иккинчи томонда беш ўғлини кетма-кет жангга жўнатиб, келин-неваралари билан йўл қараб турган Зулфия момо сиймолари, бир ёқда жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган номаълум аскарларнинг рамзий қабрлари... Барча-барчаси қирғинбарот уруш қиёфасини кўз ўнгингизда гавдалантиришга хизмат қилади.

Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Хонобод қишлоғидан жангга отланиб, қайтиб келмаган беш ўғил, уларнинг йўлида кўзи нигорон муштипар она Зулфия ая Зокирова, ёш боши билан бева қолган келинлар қисмати ҳар қандай инсонни маҳзун қилади. “Сиз тикиб берган халтачада Ўзбекистон тупроғини ёнимда олиб юрибман. Худо хоҳласа, ғалабадан кейин бу табаррук тупроқни ҳовлимизга сочиб, деҳқончилик қиламан”. Зулфия момонинг ўғилларидан келган хатлар қатида битилган ушбу битиклар “Ғалаба боғи”да махсус устунларда ўз ифодасини топган. Уларни ўқир экансиз, она юрти, оиласи, фарзандлари хотиржамлиги йўлида жон бериб, жон олаётган ўғлонларнинг қалбида соғинч ила уйғонаётган умид шодасини ҳис қиласан киши. Бахтли келажакдан умидвор ака-укалар ўз ўрнида онаизорни ҳам хотиржам қилишга уринади: “Мен соғ-омонман. Уруш майдонида фашистларни аямай қираяпмиз. Ўйлайманки, тез кунларда душман бутунлай таслим бўлади”.  

Зулфия момо ва келинлари сиймолари акс этган ҳайкаллар олдидан ўтаётган ҳар бир зиёратчи бир муддат тин олиб, маҳзунлик ила бахтиқаро аёлларнинг чеҳрасига тикилиб қолганини кўрасиз...  

“Ғалаба боғи”нинг маҳзун манзараси уруш даҳшатларидан сўзласа-да, боғда сайр қилиб юрган болаларнинг, ўқувчи ёшларнинг шўх-шодон кулгилари, ҳайрату хурсандчилиги бугунги дориломон, тинч-осойишта ҳаётимизни намоён этади. Боғдан ёшу қари, ўқувчию давлат хизматчиси – барчанинг қадами узилмаётганини кўриб, хотира муқаддаслигини, жасорат мангу эканлигини, қаҳрамонлардан фахрланиш ёш танламаслигини ҳис қиласан киши.  

Боғда сайр қилиб, ҳайрату таассуротларини бир-бирига чуғурлашганча  сўзлаб бераётган мактаб ўқувчиларидан бирини суҳбатга чорладик.

– “Ғалаба боғи”ни айланиб, Иккинчи жаҳон уруши ҳақида эшитганларимиз, кинофильмларда кўрганларимизни янада яхшироқ ҳис қилдим, – дейди Олмазор туманидаги 133-мактаб ўқувчиси Муниса Жалолова. – Уруш майдонларини ўзида акс эттирган “окоп”лар, ўқотар қуроллар, асирга олинган аскарлар макетлари бизни жуда ҳайратлантирди. Ота-боболаримизнинг матонати ва жасорати қалбимизда улардан фахрланиш туйғусини уйғотди. Бугунги тинч-осойишта кунларда биз учун яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, фақат яхши ўқишимиз,юртга камарбаста инсон бўлишимиз лозимлигини англадик.  

Дарҳақиқат, майдон бўйлаб акс этган ҳар бир манзара дориломон кунлар қадрини қалбимизга чуқурроқ сингдиради, жасорати авлодларга намуна бўлган уруш қаҳрамонларидан фахрланиш ҳиссини уйғотади. Халқимиз бугунги кунлар учун жон фидо қилган фарзандларини хотирлар экан, сафимиздаги қаҳрамонларини қадрлар экан, бу сўлим масканлардан қадамлар мудом узилмайди, миллатимиз барҳаёт яшайверади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА