Ҳар йили энг азиз байрамимиз арафасида Қатағон қурбонлари ёд этилади. 26 август куни Тошкент ахборот технологиялари университетида Республика Маънавият ва маърифат маркази Юнусобод тумани бўлинмаси томонидан эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши тенгсиз курашларда қурбон бўлган аждодларимиз хотирасини яна бир бор ёд этиш мақсадида «Қатағон қурбонлари – ватан, озодлик фидойилари» мавзуида ZOOM (онлайн) платформаси орқали маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари доктори Баҳром Ирзаев, Юнусобод тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Иқболхон Ашрапова, Юнусобод тумани бош отинойиси Шоира Умарова ҳамда тумандаги мактаб директорларининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирок этди.

Маърузачилар ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрда бўлиб ўтган воқеалар – Чор империяси босқини, Шўролар истибдоди даври, Иккинчи жаҳон урушидан олдинги ва кейинги қатағонлар, айниқса, машъум 1937-1953 йилларда содир этилган жиноятлар оқибатида қарийб 100 минг ўзбекистонлик қатағонга учраб, шундан 13 минг нафари отиб ташланганини афсус билан қайд этишди.
Бундай тадбирлар, уларда тилга олинаётган катта-катта рақамлар ортида ётган аччиқ қисматлар Мустақиллик азиз неъмат эканини, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг вазифамиз эканини яна бир бор эсга солади.

А.Нарзуллоев, ЎзА