Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида «Жамиятда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, оилада зўравонликнинг олдини олиш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш борасида қатор вазифалар белгиланганлигини алоҳида қайд этди.

– Бугунги кунда Ўзбекистон «Адолат» СДП аъзолари 647 077 нафарни ташкил этиб, шундан 330 100 нафари, яъни 51 фоизи хотин-қизлардир, – деди партия раиси. – Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзо¬ларининг 13 нафарини (62 фоиз), халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг 255 нафарини (31 фоиз), партиямиз аъзоси бўлган сенаторларнинг 3 нафарини (33 фоиз) хотин-қизлар ташкил этади. Партия тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 99 нафари (25 фоиз) хотин-қизлардан иборат. Партиямиз сайловолди дастурида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий–сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиб бориш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олингани алоҳида аҳамиятга эга.

Шунингдек, тадбирда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Муҳаррам Дадаходжаева хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни қайд этиб, бу жараёнларда Тошкент шаҳар Кенгаши олдида ҳам муҳим вазифалар турганлигини таъкидлади. Жумладан, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч ва ажрим ёқасидаги оилалар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фаолият олиб бориш зарурлигини билдирди.
Тадбир сўнгида партия сафига қабул қилинган бир гуруҳ педагог ва талаба ёшларга партия аъзолик билетлари топширилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА