Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизларнинг олий таълим тизимида таҳсил олиши учун имтиёзлар бор
15:11 / 2022-08-26

Давлатимиз томонидан олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар учун кенг имкониятлар яратилган бўлиб, бу уларнинг тўлақонли билим олиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 июлдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. 
  
Унга кўра, тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада ажратади. Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди. 
  
Шунингдек, Президентимизнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. 
  
Мазкур фармонга кўра, Ўзбекистан Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари ҳам тўлаб берилади. 
  
– Бунинг учун магистратура босқичи талаба хотин-қизлари ўзлари таълим оладиган муассаса ректори (филиал директори) номига 15 сентябргача ариза билан мурожаат этишлари керак, – деди АОКАда ўтказилган брифингда Банклар ассоциацияси ахборот хизмати раҳбари Ҳадия Абдуллаева. 
  
Шунингдек, брифингда банк тизими бўйича бошқа саволларга ҳам жавоб берилди. 


  
М.Қосимова, ЎзА