Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш қонун билан тартибга солинган
15:43 / 2021-11-30

Хотин қизларга нисбатан зўровонликка барҳам бериш борасида бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий-амалий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Аёл зоти табиатнинг нозик хилқати, деб таъриф берилиши бежиз эмас. Ҳақиқатдан хотин-қизлар турли зўровонликларга ҳам дуч келётгани сир эмас. Албатта, бундай ҳолда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинган.

Судлар томонидан ҳам гендер зўровонликка учраган шахсларнинг мурожаатлари бўйича судга тааллуқли ишлар суд мажлисларида ҳар томонлама, синчковлик билан муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ҳуқуқ бузилишига сабаб бўлган ҳолатлар, шарт-шароитлар ўрганилиб, уларни бартараф қилиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қуйилмаслиги юзасидан хусусий ажримларлар чиқарилмоқда.

Гендер зўровонлик фақат бир мамлакат ва миллатга хос иллат эмас, у билан бутун дунё курашиб келади.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш бўйича мамлакатимизда ҳуқуқий асослар яратилган ва у судлар томонидан ҳам амалиётда тадбиқ қилиниб келинмоқда.

Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Мазкур қонун билан тазйиқ ва зўровонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари ва мурожаат қилиш тартиби, ушбу соҳада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатлари ҳамда жабрланувчини ҳимоя қилиш усуллари белгилаб берилган.

Қонуннинг 4-моддасига кўра, тазйиқ ва зўровонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўзига нисбатан тазйиқ ва зўровонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
  • махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
  • ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бўзилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
  • содир этилган тазйиқ ва зўровонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Қонуннинг 3-моддасида, зўровонликнинг бир неча турлари ифодалаб берилган бўлиб, улар жинсий зўровонлик, жисмоний зўровонлик, иқтисодий зўровонлик, руҳий зўровонлик, тазйиқ ва бошқалардан иборатлиги қайд қилинган.

Демак, тазйиқ ва зўровонликга учраган шахснинг ҳуқуқлари қонун билан қаътий ҳимоя қилиб қуйилган ва ушбу қонунни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Нега биз, қонуннинг айнан жабрланувчининг ҳуқуқлари моддасини келтириб ўтдик. Сабаби сўнги вақтларда аёлларга нисбатан зўровонлик ошиб кетаётгани ҳақида кўплаб хабарлар учраб турибди ва судларда ҳам бундай тоифадаги ишлар кўрилмоқда. Бири ўғил фарзанд кўролмагани учун, бири оддий юмушни бажаролмай қолгани учун тазйиққа дучор бўлган ва ҳокоза. Бироқ, бу ҳолатларда жазосизлик сабаби – сукут натижаси бўлмоқда. Аёл киши уйидаги гапни ташқарига чиқариши, дарди, мусибати ҳақида бировларга гапириши қанчалик қийинлиги ўзбекнинг табиатига хос.

Аммо, барча қонун олдида бирдек жавоб бериши керак. Аёлларга нисбатан зўровонлик ва тазйиқ билан боғлиқ ишлар бирламчи вазифалар қаторида бўлиши керак.

Жасур Норқобилов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси