Кейинги йилларда мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу йўналишда кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилингани эътиборга моликдир.
"Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга киритилаётган сўнгги қўшимча ва ўзгартиришлар бу борадаги амалий чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиши аниқ.
Мазкур ҳужжатнинг моҳияти хусусида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими Шоира Собирова ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтаришдан иборат. Бу жараёнда жамиятнинг мувозанатлантирувчи кучи бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг стратегик устувор йўналишига айланди.
Зеро, аёли эъзозланган, оналари қадрланган юртда тараққиёт ва барқарорлик бўлади. Сўнгги йилларда қонунчилик базасининг тизимли равишда такомиллаштирилаётгани, айниқса, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан ҳимоя қилиш бўйича мутлақо янги механизмларнинг жорий этилиши бу борадаги ишларнинг мантиқий давомидир. "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга киритилаётган сўнгги қўшимча ва ўзгартиришлар нафақат ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, балки жабрланган шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлашда янги даврни бошлаб бермоқда.
Эндиликда ушбу тузилма тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари манфаатини судларда ҳимоя қилишда асосий субъект сифатида намоён бўлади.
Энг муҳими – Агентлик томонидан судларга киритиладиган даъво ариза ва шикоятлар бўйича давлат божи тўлаш мажбуриятининг бекор қилиниши ҳисобланади. Бу норма адолат қарор топиши йўлидаги иқтисодий тўсиқларни бартараф этиб, оғир вазиятга тушиб қолган аёлларнинг давлат ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини бир неча баробар оширади.
28-моддада белгиланган ҳолда, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар махсус реабилитация марказларига жойлаштирилади. Бу марказларда улар нафақат соғлиқни тиклаш, балки психологик ва ижтимоий реабилитациядан ҳам ўтади. Мазкур қонунчилик ўзгартиришлари орқали марказларга жойлаштирилган аёлларга бир ойга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш, иш жойи ва лавозими сақланишини таъминлаш, шунингдек, реабилитация ва психологик коррекция хизматлари давомида уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш имконияти яратилади.
Бу қонунчилик тадбирлари хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш ва суд жараёнларида фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, жабрланган аёллар ва болалар учун марказларда кўрсатиладиган ёрдам харажатлари, айбдор шахсдан ундирилиши мумкинлиги назарда тутилгани қонуннинг ижтимоий адолат принципига мослигини кўрсатади.
Хорижий давлатлар жумладан, Германия, Канада, Австралия тажрибаси шуни кўрсатадики, зўравонлик қурбонларига вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси бериш, психологик реабилитация ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш уларнинг тезроқ тикланиши ва жамиятга мослашишига хизмат қилади. Шу билан бирга Ўзбекистонда ҳам шу тажриба асосида реабилитация марказларига жойлаштирилган аёлларга бир ойгача бўлган муддатда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш таклиф қилинмоқда.
Мазкур Қонун лойиҳасининг яна бир аҳамиятли томони шундаки, у хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатидаги изчиллик ва инсонпарварлик тамойилларини янада мустаҳкамлайди. Мазкур қонун лойиҳаси, аввало, амалдаги қонунчиликни ҳаётий эҳтиёжлар ва замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. У хотин-қизларнинг ҳуқуқий шу билан бирга психологик, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам ҳимоясини кучайтиришни назарда тутади.
Хорижий давлатлар тажрибасига таянилган ҳолда ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиради. Психологик реабилитация, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик кафолатлари жабрланган аёлларнинг жамиятга тезроқ мослашишига, ўз ҳаётини қайта тиклашига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳаси хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий механизмларни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда давлат, қолаверса, жамият масъулиятини ошириш орқали инсон қадрини улуғлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.