Пойтахтимизда Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида “Аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик!” мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз тараққиёти йўлида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Шу сабаб хотин-қизларни ҳар соҳада қўллаб-қувватлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Аммо аёлларнинг жамиятдаги мавқеи оширилаётган бир паллада, уларнинг тазйиқ ва зўравонликка учраётгани ҳам сир эмас.
“Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” доирасида ташкил этилган конференцияда ҳам аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий ўрнини мустаҳкамлаш ҳусусида сўз борди.

Тадбир давомида масъул идоралар раҳбарлари ва мутахассислар томонидан мавзуга оид йўналишларда маърузалар қилинди.

Жумладан, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсати, хориждаги Ўзбекистон фуқароларини хотин-қизлар ва оила масалалари, зўравонлик хавфи мавжуд аёллар билан ишлашда ички ишлар органларининг амалдаги тизими, зўравонликдан жабрланган аёлларнинг реабилитацияси ва ижтимоий мослашуви жараёнлари ҳамда ёшлар тарбиясида зўравонликнинг олдини олишда ота-оналар масъулияти каби мавзуларда фикр алмашилди.

Конференция рақамли зўравонликнинг олдини олиш, хавфсиз ахборот макони яратиш ҳамда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА