Жиззах вилоят суди ташаббуси билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда суд, прокуратура, ички ишлар ва адлия органлари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси, ижтимоий ҳимоя ва маҳаллалар уюшмаси мутасаддилари, шунингдек, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Семинарни Жиззах вилоят суди раисининг ўринбосари Жамол Қаҳҳоров очиб, мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимояси, зўравонликнинг олдини олиш ва бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидича, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги ва масъулияти жамиятда барқарор ва хавфсиз муҳитни таъминлашда асосий омилдир.

Судья ва мутахассислар хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда профилактика ишларини кучайтириш лозимлигини қайд этишди. Улар оилаларда ўзаро ҳурмат ва масъулиятни ошириш, жамоатчиликни ҳуқуқлар ва қонуний чоралар ҳақида хабардор қилиш орқали зўравонлик ҳолатларини камайтириш мумкинлигини маълум қилдилар. Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки ва огоҳлиги жамиятда хавфсиз муҳит яратишда катта аҳамиятга эга.

Семинарда 2023-2024 йиллар ҳамда 2025 йилнинг 9 ойи давомида оилавий зўравонлик ҳолатларини камайтириш мақсадида судлар томонидан 37 та хусусий ажрим чиқарилгани қайд этилди. Амалиётдаги муаммолар ва уларнинг сабаблари ҳамда бартараф этиш чоралари кенг муҳокама қилинди.
Иштирокчилар соҳалар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қонунчилик ва амалий тажриба асосида самарали механизмлар ишлаб чиқиш бўйича ўз таклифларини билдиришди. Бу, айниқса, оилавий зўравонликни камайтириш ва хотин-қизларни ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Семинарда таъкидланганидек, хотин-қизларни ҳимоя қилишда энг муҳим омил – барча масъул идоралар ва жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги. Шунингдек, тадбир якунида амалий режалар белгилаб олинди, уларнинг ижроси ҳар бир фуқаронинг хавфсизлиги ва жамият барқарорлиги учун муҳим қадам сифатида баҳоланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари