Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизларни бирлаштирувчи янги ташаббус йўлга қўйилди
13:40 / 2026-01-07

Пойтахтимизда Қизлар академияси ва Қизлар овози клуби ҳамкорлигида илмий соҳадаги профессионал олима хотин-қизлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Маълумки, Ёшлар ишлари агентлиги фаол ва ташаббускор ҳамкорлар билан биргаликда турли соҳаларда етакчилик қилаётган хотин-қизлар тармоғини йўлга қўйди. Ушбу тармоқ турли йўналишларда фаолият юритувчи аёллар ва қизларни бирлаштирувчи клублардан ташкил топган.

Учрашувда биология, иқтисод, сиёсатшунослик, техника, филология ҳамда юридик фанлар бўйича фан докторлари, профессорлар ва олималар иштирок этди. Улар клуб фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳамда илм-фан соҳасига эндигина кириб келаётган қизларга устозлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.

Клуб илм-фан соҳасида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг илмий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда истиқболли ташаббусларни рағбатлантириш мақсадида фаолият олиб боради.

Учрашув давомида илм-фан йўналишида 2025 йилда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар, истиқболли лойиҳалар ва янги ташаббуслар юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.

Шу билан бирга, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича очиқ ва конструктив фикр алмашилди.

Давра суҳбати очиқ мулоқот ва чуқур таҳлил руҳида ўтиб, келгусида илм-фан соҳасида аёллар фаоллигини янада оширишга хизмат қиладиган самарали ва муҳим платформа вазифасини бажарди.

Гулноза Бобоева, ЎзА