Пойтахтимизда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил шахслар билан мунтазам иш олиб бориш масаласига бағишланган тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ҳамкорлигида анъанавий ўтказиладиган мазкур тадбир “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат” кампанияси доирасида ташкил этилди.
Ушбу кампания ҳар йили “25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш” халқаро кунида бошланиб, “10 декабрь – Инсон хуқуқлари” кунига қадар давом этади.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад тегишли шахслар билан профилактика ва тузатиш ишларини олиб бориш учун масъул давлат муассасалари ва жамоат ташкилотлари, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва психологик хизмат вакиллари салоҳиятини оширишдан иборат.
Тренингда махсус ваколатли идоралар ва ташкилотлар вакилларининг аёлларга нисбатан зўравонлик содир этганлар билан мақсадли ишлашига оид ўзаро боғлиқ ва изчил ҳаракатларга тавсиф, тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишнинг миллий меъёрий-ҳуқуқий асоси тушунтирилди.

Аёллар ва қизлар хавфсизлигини таъминлаш учун кенг кўламли тадбирлар, ҳуқуқий чора ва профилактика ишлари, шунингдек зарур бўлганда зўравонлик содир этган шахсни психологик, тиббий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳат берилди.
Машғулот давомида “Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил шахслар билан комплекс иш олиб бориш” номли амалий қўлланма тақдим қилинди.

Иштирокчилар келгусида тренингда олинган билим натижасида ички тақвим-режани қайта қўриб чиқиб, қўлланмани амалиётга тадбиқ этиш бўйича ўз ҳудудида мутахассисларни ўқитадилар.
Г.Сатторова, ЎзА