Хотин-қизларга орден ва медаллар топширилди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов иштирок этиб, азиз аёлларимизни ушбу айём билан самимий табриклади.
Ҳоким ўз табрик сўзида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни нақадар муҳим эканини таъкидлаб, уларнинг фидокорона меҳнати, касбий маҳорати ҳамда фаол фуқаролик позицияси юксак эътирофга лойиқлигини қайд этди.
Тадбир доирасида шаҳар ҳокими томонидан Президентимиз фармони билан жамият ҳаётидаги фаоллиги, касбий ютуқлари ҳамда мамлакат ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирланган 30 нафар хотин-қизга орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Жумладан, “Дўстлик”, “Соғлом авлод учун”, “Саломатлик” орденлари, шунингдек “Келажак бунёдкори” ҳамда “Шуҳрат” медаллари топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА