Наманган давлат университети жамоасининг деярли 35 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Таҳсил олаётган талабаларнинг 60 фоизи қизлардан иборат. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талабалар билим олиши, талабалар турар жойларида соғлом муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Университет хотин-қизлар кенгашининг йиғилишида сўз олган ўқув ишлари ҳамда ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Юртимизда хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор Наманган давлат университетининг барча йўналишларида ўз ифодасини топаётгани эътироф этилди.
Олий таълим даргоҳининг хотин-қизлар кенгаши раиси Саодат Усмонова, унинг ўринбосари Озода Чубоева ва факультетлардаги фаол аёллар университет маъмурияти томонидан хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб, жамоада раҳбар бўлиб ишлаётган аёллар сони ортиб бораётгани, бу эса, ўз навбатида, гендер тенглигини таъминлашда муҳим омил эканлиги қайд этилди.
- Кенгаш йиғилишида давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида Олий Мажлис ва ҳукуматга жамият ва давлат бошқарувида хотин-қизлар мавқеини оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиб, муҳим вазифалар белгилаб берилгани маълумот ўрнида айтиб ўтилди. Эришилган ютуқлар асносида мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашилди, - дейди университет ахборот хизмати раҳбари Шоира Тўхтабоева. – Хусусан, талаба қизлар ўртасида кийиниш, саломлашиш, уяли телефон воситаларидан оқилона фойдаланиш, ахборот хуружлари масаласидаги камчиликларни бартараф этиш, ахборот истеъмоли маданиятига жиддий эътибор қаратиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА