Жамиятимизнинг барча соҳаларида, давлат иқтисодий ва сиёсий бошқарувининг ҳамма босқичида хотин-қизлар фаолиятига тенг имкониятлар яратилаётгани сир эмас. Айни пайтда маҳалладан то олий қонунчилик органигача аёлларнинг ўз муносиб ўрни бор.
Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этиши, гендер тенглик ва репродуктив самарадорликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари нимада?

Шулар хусусида Жамоат хавфсизлиги университети доценти Нодира Расулованинг фикрлари билан қизиқдик.
– Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида оила ва аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, бошқа соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддсида мустаҳкамлаб қўйилгани қувонарли ҳолдир.
Халқ фаровонлиги, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутишини эътиборга олсак, гендер тенгликни таъминлаш вазифасининг давлат зиммасига юклатилиши барқарор ривожланишнинг зарур талабидир.
Бу хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, қонунлар ва турли қарорлар қабул қилинишида иштирокини янада кенгайтириш имкониятини беради. Бундан ташқари, таълим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик, ижод, маданият соҳаларида гендер тенглик таъминланиши хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширади.
Айни вақтда хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, саноатда 38 фоизни, тадбиркорликда 35 фоизни, олий таълимда 46 фоизни ташкил этиши ҳам уларнинг соҳалар ривожидаги эгаллаган муносиб ўрнидан далолатдир.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 58-моддаси мантиқий давоми сифатида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 25-бандида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Натижада 2030 йилга қадар бошқарув лавозимларида ишловчи хотин-қизлар улуши камида 30 фоизни ташкил этиши таъминланади.
Бундан ташқари, алоҳида ёрдамга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, уларга субсидиялар бериш, уйларнинг дастлабки бадалларини тўлаб бериш, имтиёзли ва узоқ муддатли ипотека кредитлар бериш каби инсонпарвар сиёсат амалга оширилмоқда.
Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб беради. “Бир қиз болани ўқитиш – бутун миллатни ўқитиш билан баробар”, деб бежиз таъкидланмаган. Шу боис, Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олишлари, илм-фан билан шуғулланишлари учун шароит яратиш давлатнинг алоҳида вазифасига айланди. Биргина 2022 йилда олий ўқув юртларига қабул қилинган талабаларнинг 49,9 фоизини хотин-қизлар ташкил этган эди.
2017 йилга қадар ОТМларда грант ўринлари сони фақат қисқариб келди. Сўнгги беш йил ичида, аксинча, грантларни кўпайтириш йўлидан борилди. Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияга тенг ҳуқуқлилик қоидасининг киритилиши давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан қарорлар қабул қилишдаги хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг иштирокини таъминлашга имкон яратганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Фикран ва жисмонан соғлом аёлгина жамиятга муносиб фарзандларни тарбиялашга қодир. Шу маънода хотин-қизларга бўлган эътибор келажак мақсадлар рўёбига хизмат қилиши шубҳасиз.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА