Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан “Китобхон оналар куни“ доирасида “Aёл маърифати” тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Дилбар Ғуломова, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосарлари Минҳожиддин Мирзо, Фарида Афрўз, адабиётшунос олим Нурбой Жабборов, таниқли шоира Шарифа Салимова ва бошқалар халқимизни китобхон миллатга айлантириш, бунда аёлларнинг иштирокини кучайтиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тадбирда жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини ошириш, эзгу ғоялар ташвиқотини кучайтириш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида илмий соҳа, адабиёт, санъат, маънавият, маданият вакиллари фаолларидан таркиб топган Жамоатчилик кенгаши ташкил қилингани эълон қилинди.
Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова мазкур жамоатчилик кенгаши мавжуд ижтимоий, маънавий-маърифий вазият тақозо этаётган объектив зарурат экани ва унинг ўз олдига қатор эзгу мақсад-вазифаларни қўйганини эътироф этди.

Зеро, глобаллашув даврида жаҳолатга қарши фақат маърифат ва кучли ғоялар воситасидагина курашиб, олға интилиш мумкин. Негаки, мафкураси, маънавияти, миллий ғояси қудратли бўлган халқ тараққий этади.
Бугун оила ва аёл маънавияти, ёш қизлар тарбияси, хотин-қизларнинг салоҳияти ва маърифатини ошириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш борасида янгича ёндашувлар зарур. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, хотин-қизлар ва оила масаласи нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир.

Тадбир жараёнида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими шоира ва адиба Шарифа Салимованинг “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” китобининг тақдимоти ўтказилди.
«Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар» номли шеърий романида ўтган асрнинг 20-30 йилларида сиёсий зулмлар қурбони бўлмиш Хайриниса Мажидхонова, Марям Султонмуродова, Собира Холдорова, Шодихон Тожиева сингари жадид аёлларнинг қисмати, уларнинг бошига тушган мислсиз азоб-уқубатлари, ҳол-аҳволи, кечинмалари, маънавий дунёси кенг ёритилгани ҳамда бу жабрдийдаларнинг муҳаббат ва садоқати, дард-аламлари муаллиф томонидан маҳорат билан тасвирлангани эътироф этилди.

Тақдимот тадбирида иштирокчилар эътиборига иқтидорли ёзувчи Жавлон Жовлиев қаламига мансуб “Қўрқма” романи асосида суратга олинган фильмдан парча намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири