Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кенгайтирилади
12:59 / 2024-02-10

Бу борадаги қонунчилик янада такомиллаштирилади. Хотин-қизларда илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмалари шакллантирилади. Улар илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этилади.

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлиси иккинчи иш кунида шу каби масалаларга эътибор қаратилди. 

2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини сенаторлар қизғин муҳокама қилди. 

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлисда 2023 йилда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш юзасидан бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. 

Таъкидланганидек, соҳада 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганларга жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Ушбу тоифадаги жиноятлар учун қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар берилмаслиги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш, ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш каби чоралар қўлланмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. 

– Сайлов кодексига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонини 30 фоиздан 40 фоизга ошириш белгиланди, – деди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. – Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 262,2 минг нафар хотин-қизга 4,5 триллион сўм миқдорида кредит, ишсиз ва ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи 27 мингдан зиёд хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш учун 118,5 миллиард сўм субсидия ажратилди. 

Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича 60 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда 319 нафар хотин-қиз ўқитилди. 

Мажлисда ижро муддати ортда қолган айрим масалалар танқидий муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга тегишли кўрсатмалар берилди. Хусусан, халқаро стандартлар ва нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масаласини ўрганиш, меҳнат соҳасидаги гендер статистикаси маълумотларини халқаро тавсияларга мувофиқ такомиллаштириш, иқтидорли ёш хотин-қизларнинг юқори нуфузли идораларда стажировка ўташ қамровини кенгайтириш зарурлиги айтиб ўтилди. 

2024 йилда Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури кўриб чиқилди. Унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, хотин-қизларда илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, уларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш каби масалалар қамраб олингани қайд этилди. 

Сенаторлар ушбу Дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга кўмаклашишга хизмат қилишини таъкидлаб, унда белгиланган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 

Н.Абдураимова, ЎзА