Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган, Ўзбекистон “Тадбиркор ва ишбилармон аёллар” бирлашмаси томонидан амалга оширилган “Мамлакатимизда хотин-қизлар манфаати доимий эътиборда!” лойиҳаси доирасида Бухоро вилоятида SMM ва мобилография бўйича ўқув курслари муваффақиятли якунланди.
Лойиҳанинг асосий мақсади аёлларнинг рақамли соҳадаги салоҳиятини ошириш, ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож ва ишсиз хотин-қизларни замонавий IT-касбларга ўргатиш орқали уларни иқтисодий фаолликка жалб этишдан иборатдир.

– Бу аёллар учун ижтимоий тармоқларда тўғри ва самарали иш олиб бориш фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ўз бизнесини ривожлантириш ва жамиятдаги ўрнини ошириш имконини беради, – дейди Ўзбекистон “Тадбиркор ва ишбилармон аёллар” бирлашмаси раҳбари Мамлакат Содиқова. – Айниқса, тадбиркор ва ижтимоий фаол хотин-қизлар учун жуда муҳим. Мобилография – ҳикоянгизни визуал кўринишда баён қилиш санъати замонавий смартфонлар орқали юқори сифатли фото ва видеолар тайёрлаш, ўзига хос контент яратиш ва аудиторияга таъсирчан тарзда мурожаат этиш имконини яратади. Мобилографияни ўрганиш хотин-қизларга нафақат ижодий тафаккурни ривожлантириш, балки фаолиятларини самарали тарзда тақдим этишда ҳам ёрдам беради.

Лойиҳада 60 нафар аёл график дизайн ва SMM йўналишлардаги амалий курсларни муваффақиятли якунлаб, тегишли дипломларга эга бўлди. Улар замонавий IT ва рақамли маркетинг соҳаларида меҳнат қилиш учун зарур бўлган аниқ ва амалиётга йўналтирилган кўникмаларни шакллантирди. 14 нафар фаол битирувчи шахсий фаолиятини бошлашда амалий кўмак ва молиявий қўллаб-қувватлаш билан таъминланди.

Иштирокчиларнинг 40 фоиздан ортиғи мобилография, SMM ва рақамли хизматлар соҳаларида фрилансер сифатида иш бошлашга эришди. Уларнинг бир қисми мустақил буюртмалар қабул қилишни бошлади. Ўқув жараёнида шаклланган амалий ўқув қўлланмалари ва методик материаллар кенг тарғиб этилди ва бошқа ҳудудлардаги қизиқувчилар учун ҳам фойдаланиш имкони яратилди.
Битирувчиларга тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотларини ва уларнинг хизмат кўрсатиш йўналишларини IT-компаниялар, маркетинг агентликлари ва онлайн платформа орқали ишга жойлаштириш учун алоҳида ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.